Йўл қоидалари болаликдан ўргатилса, келгусидаги кўплаб ҳодисаларнинг олди олинади

    Қоидабузарликларнинг олдини олишда профилактик тадбирларнинг  ўрни жуда муҳим. Айниқса, ёш авлодга мактаб остонасидан бошлаб қоидаларни тушунтириб бориш, уларга йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш кўникмаларини ўргатиш келгусида содир этилиши мумкин бўлган кўплаб ҳодисаларнинг олдини олади.

    Шу маънода Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ томонидан бир қатор режали ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, профилактика ва тарғибот кунларида мактабларда суҳбатлар ўтказиш, ўқувчилар билан учрашувлар ташкил этиш мақсадида ЙҲХБ тизимидаги раҳбар ходимлар Тошкент вилоятидаги бир қатор мактабларда бўлди. ЙҲХБ бўлим ва бўлинма бошлиқлари, отряд командирлари томонидан синфларда йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қоидабузарликлар сонини камайтириш мақсадида тарғибот ишлари амалга оширилди.

    Бир куннинг ўзида вилоятдаги 48 та мактаб қамраб олинди. Барча ходимлар керакли маълумотлар ва маърузалар билан таъминланди. Шунингдек, уларга йўл-транспорт ҳодисаларининг аянчли оқибатлари акс этган фотосуратлар ва болалар қоидабузарликларининг аниқ мисоллари берилди.

    Суҳбатлар кўргазмали қуроллар ва жонли савол-жавоб тариқасида ўтказилгани ҳам ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Болалар ўзларини қизиқтирган саволларни беришди Ходимлар эса уларга қоидалар талабларини аниқ мисоллар ёрдамида тушунтириб берди.