“Тарихий ёдгорликларни сақлаш — асосий мақсадимиз!”

    Ёдингизда бўлса, яқинда иншоотларнинг сейсмик бардошлилиги бўйича муҳандис, АҚШнинг Калифорния штати Беркли шаҳридаги университетнинг етакчи мутахассиси, Structures экспериментал лабораторияси мудири Шаҳзод Тоҳиров билан суҳбат уюштирган эдик.

    Мулоқотимиз давомида суҳбатдошимиз юртимизда етук муҳандисларни тайёрлаш учун ўз билим ва тажрибаларини ўртоқлашиш ҳамда Урганч давлат университетида икки ҳафта таълим ва тадқиқотга оид маърузалар ўқиш ҳамда лаборатория бўйича машғулотлар ўтиш истагида эканини айтганди. Бугун суҳбатимизни ана шу режалар қай тарзда бажарилаётгани ҳамда тарихий обидаларнинг сейсмик бардошлилиги ҳолати хусусида аниқроқ маълумот олиш учун Шаҳзод Тоҳиров билан суҳбатлашишга қарор қилдик.

    — Шаҳзод ака, гранд бўйича айнан Ўзбекистонда фаолиятингизга доир турли лойиҳалар амалга оширишингиз ҳақида айтган эдингиз. Кўзлаган мақсадингизга қай даражада эришдингиз?

    — 2019 йилда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси орқали маблағ олиб янги лойиҳа бошлагандим. Айнан ўша йили Урганч ва Хива шаҳарларига сафар уюштириб, Ўзбекистоннинг қадимий ёдгорликларга бойлиги ва дунё миқёсида ноёблигига тан бергандим. Шундан сўнг бу бебаҳо бойликларимизни асраб-авайлаш ҳақида ўйлай бошладим. Лойиҳамнинг мавзусини ҳам айнан шу ўлканинг ёдгорликларини сақлашга йўналтирдим.

    Ўтган йили Хивага борганимда, дўстим Баҳодир Раҳмонов ҳамда Урганч давлат университетининг қурилиш кафедраси профессорлари билан учрашиб, кўҳна биноларни қандай сақлаб қолиш ҳақида узоқ гаплашган эдик.

    Асосий мақсадим Ўзбекистонда ҳам замонавий муҳандисларнинг янги авлодини тарбиялаш ва касбимга оид муаммоларнинг амалий масалаларини ечишдан иборат. Қолаверса, ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистон муҳандисларини дунё миқёсида ишлатиладиган илмий усуллар билан таништириш ва бу усулларни Хивадаги қадимги ёдгорликлардан бирида қўллашни ният қилгандим.

    2019 йилда ана шундай долзарб мавзуга бағишланган маърузада юздан ортиқ ўқитувчи ва талаба қатнашди. Маърузамнинг асосий мазмуни АҚШ ва дунё бўйлаб қадимги ёдгорликларни сақлаб қолиш борасида бажариладиган ишлар ҳамда уларнинг натижалари тўғрисида бўлди. Ўқиган маърузаларим иштирокчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Кўплаб савол ҳамда муҳокамаларга сабаб бўлди. Бу маъруза асосида Урганч давлат университети профессорлари ва талабалари учун университет қошида интенсив назарий ва амалий дарслар бериш режалаштирилди.

    — Қандай муҳим тадбирлар уюштиришга муваффақ бўлдингиз ва бу нечоғлик ўз самарасини кўрсатмоқда?

    — Дастлаб назарий ва амалий дарслар маҳорат сабоғи форматида ўтказилиши керак эди. Афсуски, пандемия сабабли назарий дарсларни онлайн ўтишга тўғри келди. Биноларнинг сеймик зилзилабардошлигининг замонавий ва инновацион усуллари назариясига оид маъруза 12 та онлайн дарсга мўлжалланган эди. Ҳар бир дарс икки соат атрофида давом этиши белгиланди. Бироқ ўзбекистонлик муҳандисларнинг катта қизиқишини кўриб, дарс муддатини узайтирдик. Савол-жавоблар ва мунозаралар ҳам олиб борилди.

    — Хивада лазерли сканерни қўллаш ишлари бошланган экан. Бу жараён қандай кечмоқда?

    — Одатда, берилган назарий билимлар амалий дарс орқали ўзлаштирилиши керак. Урганч давлат университети профессорлари билан амалий дарсни Ичанқалъадаги Жума масжидида синаб кўришга келишгандик. Айнан шу амалий машғулотни ўзим Хивага бориб ўтказмоқчи эдим. Бироқ пандемия сабабли Калифорния университети халқаро сафарларни ман қилганди. Шу боис Тошкент шаҳридан лазерли сканер билан ишлайдиган мутахассисларни жалб этишга мажбур бўлдим. Улар билан кўп йиллардан буён Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва Тошкентда жойлашган қадимги ёдгорликларни лазерли сканерлаш масаласини ўрганиб чиққанмиз. Жамланган ишчи гуруҳ билан телеграм орқали боғланиб, ўз тавсияларимни бериб, вазиятни назорат қилиб турдим.

    Машғулот натижасида дунёда илк бор Хива шаҳрида лазерли сканер амалиёти қўлланди. Сканер орқали Жума масжидининг нуқталари катта аниқлик билан ўлчанди. Бу технология бўйича лазер нурининг чиқиш ва қайтиш вақти бўйича координатаси олинади. Шу калькуляцияда поляр ва азимутал бурчаклар ишлатилади. Сканер лазер нурининг йўналишини ўзгартириб, атрофдаги барча нуқталарни ўлчаб чиқади. Йиғилган нуқталар «нуқталар булути» дейилади. Сканернинг ҳар бир турган жойи станция деб аталади. Ҳар хил станциялардан йиғилган нуқта булутлари ўзаро солиштирилади ва бириктирилади. Бу рўйхатдан ўтказиш жараёни деб аталади. Натижада объектнинг ташқи ва ички сирти битта уч ўлчамли объект шаклида компьютерда сақланади.

    Замонавий технология асосида объектнинг рақамли эгизаги яратилади. Сканер камераси ёрдамида сиртнинг ҳаётдаги ранглари уч ўлчамли моделга берилади. Айнан бундай инновацион технология ёрдамида маданий меросимизни сақлаб қолиш мумкин. Негаки ўз чизмаларига эга бўлмаган объект бўйича барча маълумотларни уч ўлчамда сақлаб қолишга эришамиз. Ҳаммаси бўлиб нуқталар булутлари ўн бир станцияда йиғилди. Бу технология мулоқотсиз ўлчайдиган хусусиятга эга бўлгани сабабли қадимий миллий иншоотларни таъмирлаш борасида энг керакли ускуна деб ҳисоблайман.

    — Қўлланган технологиялар ёш мутахассисларимизга қандай натижалар келтириши мумкин?

    — Аввало, Урганч давлат университети профессор ўқитувчилари ва талабалари замонавий инновацион ускунани ишлатишга муваффақ бўлди. Иккинчидан, илк маротаба лазерли сканер орқали Жума масжидининг юқори аниқликда олинган уч ўлчамли рақамли эгизаги мавжуд. Бу қадимий миллий обидаларимизни сақлаб қолиш йўлида жуда муҳим жараёндир. Учинчидан, объектнинг аномалияга учраган жойларини уч ўлчамда олишга муваффақ бўлдик. Масалан, миноранинг вертикал қийшайгани ўлчанди ва олдинги ўлчамларга солиштирилди. Масжиднинг оғиши йиллар давомида кучаяётгани юқори аниқликда исботланди. Унинг ўзгариши мониторда батафсил кўрсатилди. Ўзбекистонда ҳам худди Италиядаги Пиза минорасига ўхшаш минора борлиги сайёҳларни кўпроқ жалб этиши маълум. Пиза минорасининг қийшайиши 4 градусга тенг. Бизнинг ўлчамларимиз натижасида Жума масжидининг минораси 2,2 градусга қийшайгани кўрсатилди. Қийшайишни тўхтатиш учун обиданинг конструктив мустаҳкамлигини таъминлашимиз керак. Амалий иш натижасида тайёрлаган мақоламиз Португалияда ўтказиладиган халқаро конференцияда катта қизиқиш билан қабул қилинди. Бу конференцияда дунё бўйлаб конструктив мониторинг бўйича олиб борилаётган ишлар тақдимот қилинади ва халқаро мунозаралар бўлиб ўтади.

    Энди лазерли сканер орқали олинган ўлчамлар Жума масжидининг математик моделини яратишда ишлатилмокда. Биринчи босқичда минора моделини яратиш лозим. Қолаверса, унинг статик ва динамик кучларга бардошлилиги ўрганиляпти. Моделнинг геометрияси юқори аниқлик билан олинган миноранинг нуқталар булутидан яратилган. Қадимги ғиштлар тадқиқотлар ёрдамида ўрганилиб, миноранинг физиологик хусусияти топилган ва улар ушбу моделга киритилган. Шу тариқа тузилган модель орқали минорани конструктив томонлама кучайтириш мумкин.

    — Келажакдаги режаларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз…

    — Яқин орада яратилган математик моделни реал объектга яқинлаштириш учун Жума масжидини бошқа замонавий ускуналар ёрдамида ўрганиш режалаштирилган. Бу лойиҳанинг иккинчи амалий дарси даврида бажарилиши кўзда тутилмоқда. Қувонарлиси, амалий дарснинг шарофати билан дунё миқёсида ишлатиладиган ўлчов ускуналари қўлланади. Дарс вақтида Жума масжидининг ускуна қўйилган жойларидаги тезланиши ва нисбий силжишлари ўлчанади. Силжишларнинг об-ҳаво ҳароратига қараб ўзгариши текширилади. Бу амалий дарс шу йилнинг баҳорида ўтказилиши мўлжалланган.

    — Мазмунли суҳбат учун ташаккур!

    Севара АБДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.