Ташаббуслар учун мулоқот майдони

    Нуфузли ташкилотга 2021-2022 йилларда раислик қилиш Ўзбекистонга ўтиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

    Бундан йигирма йил аввал Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан таъсис этилган ШҲТ ўтган даврда халқаро сиёсатнинг муҳим субъектига айланиб, нуфузли халқаро тузилмалар қаторида муносиб ўрин эгаллади.

    Ташкилот аъзоларининг умумий ҳудуди Евроосиёнинг 60 фоизини, нуфус жиҳатидан эса дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил қилмоқда. ШҲТ бугун саккизта аъзодан ташқари, тўртта кузатувчи, учта кузатувчиликка номзод, шунингдек, олтита “мулоқот бўйича шерик” мақомига эга мамлакатларни бирлаштирмоқда.

    Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлисида ШҲТнинг 20 йиллик фаолияти асосий якунлари ҳамда кўп томонлама ҳамкорликнинг истиқболдаги устувор вазифалари муҳокама қилинди.

    Ташкилот минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, аъзо мамлакатлар учун фойдали лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ташкил қилингани ҳаммамизга яхши маълум. Унда барча давлатлар тенг ҳуқуқли бўлиб, ташкилот бошқа мамлакатлар манфаатларига қарши қаратилмаган ва ҳарбий блок хусусиятига эга бўлмаган тамойиллар асосида фаолият кўрсатиши белгиланган.

    Ташкилот доирасида қабул қилинган ҳар қандай қарор аъзо мамлакатлар томонидан тўла маъқуллангандагина кучга киради. Бундай омиллар ШҲТни сиёсий барқарорликни кафолатлаш, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган дунёдаги энг йирик тузилмага айлантирди.

    Бугун очиқлик ва ошкоралик, ўзгалар ишига аралашмаслик, дўстлик ва яхши қўшничилик, инсонпарварлик ва демократик тамойилларни бош мақсад билган Ўзбекистоннинг ҳам бу ташкилотда ўз ўрни, сўзи ва роли бор. Чунки Марказий Осиёнинг нафақат хавфсизлиги, балки иқтисодий тараққиётини ҳам Ўзбекистонсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Расмий Тошкент томонидан билдирилган ҳар қандай таклиф ва ташаббуслар олқишланиб, мамнуният билан қабул қилиниб келинаётгани боиси ҳам шунда.

    Душанбе саммитида Ўзбекистон етакчиси бу гал иштирокчилар эътиборини Афғонистон масаласига қаратиб, бу борада ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш ҳамда ахборот хавфсизлигини кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Яъни, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва ушбу мамлакатдаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал қилиш масалаларини кенг муҳокама қилиш мақсадида “ШҲТ – Афғонистон” форматида, кузатувчи давлатлар ва мулоқот бўйича шерикларни жалб қилган ҳолда юқори даражадаги учрашувларни мунтазам ўтказишни таклиф этиб, биринчи шундай учрашувни Тошкентда ўтказишни таклиф қилди.

    Анжуманда ушбу нуфузли ташкилотга 2021-2022 йилларда раислик қилиш Ўзбекистонга ўтиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Бундай шарафли ва масъулиятли вазифани Ўзбекистон томони мамнуният билан қабул қилиб, мамлакатимизнинг ШҲТ раислигидаги устувор вазифаларни маълум қилди.

    ШҲТнинг нуфузи ва салоҳиятини янада ошириш, савдо алоқаларини кенгайтириш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш, саноат кооперацияси дастурининг қабул қилинишини жадаллаштириш, Транспорт логистикасини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, юқумли касалликларга қарши курашишни назарда тутувчи “Йўл харитаси”ни қабул қилиш шулар жумласидандир.

    Албатта, Ўзбекистон томонидан таклиф қилинган ушбу устувор вазифалар нафақат ШҲТга аъзо давлатлар, балки дунёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш орқали бутун инсоният фаровонлигини оширишга хизмат қилиши, шубҳасиз. Зеро, Ўзбекистон ҳар доим эзгу ва улуғвор ғоялар ташаббускори бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

    Аҳмаджон ҒАНИЕВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик

    палатаси депутати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates