“Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми аввалгисидан фарқли жиҳати, мақсади ва тайёргарлик жараёнлари

    2021 йилнинг 22-23 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Марказий Осиё юриспруденция соҳасидаги йирик халқаро тадбир “Tashkent Law Spring” II Халқаро юридик форуми бўлиб ўтади.

    Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида иккинчи маротаба ташкил этилмоқда. Ҳозирда форумга қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Биз халқаро форумга оид тафсилотлар билан Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев билан суҳбатлашдик.

    — Суҳбатимизни ҳуқуқ соҳасидаги мазкур халқаро форумга эҳтиёж ва унинг мақсадлари ҳақидаги маълумот билан бошласак.

    — Ҳуқуқ соҳаси ҳам бошқа соҳалар каби такомиллашиб бормоқда. Қолаверса, инсон этиёжлари бор экан ҳуқуққа эҳтиёж бор. Унинг халқаро стандартлардан ортда қолмасдан ривожланиши муҳим ҳисобланади Форумнинг мақсади – ҳуқуқни ривожлантириш муаммолари
    ва замонавий тенденцияларини муҳокама қилиш учун етакчи халқаро
    ва маҳаллий экспертларни жамлаган ҳолда очиқ мулоқот майдончасини яратиш, шунингдек, халқаро ҳуқуқ ҳамжамиятини Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ҳуқуқий ислоҳотлардан хабардор қилишдан иборат. “Tashkent Law Spring” — Янги Ўзбекистонни бутун дунёга танитиш имконияти бўлиб, тажрибали экспертлар иштирокидаги жонли муҳокамалар орқали муаммоли масалаларга ечимлар топиш соҳалардаги илғор ютуқлар бўйича тажриба алмашиш майдонидир. Таъкидлаш жоиз, тадбир доирасида нуфузли хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик амалга оширилади.

    — Форумнинг Бош мавзуси: Ҳуқуқ 4.0. (Ҳуқуқ тўртинчи саноат инқилоби даврида). Нима учун бундай бош мавзу танланди? Ва Форумнинг аввалгисидан фарқли жиҳати нимада?

    — Форумнинг аввалгисидан фарқли жиҳати бош мавзу айнан Ҳуқуқ 4.0. деб танланганидадир. Шунингдек, бугунги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда Форум асосан видеоанжуман шаклида ташкил этилади.

    Бугунги кунда тўртинчи саноат инқилоби дунёни ўзгартирмоқда.

    Сунъий ақл, блокчейн, нанотехнологиялар жамият ҳаётига кириб келмоқда. Рақамли муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш жараёнида қонунлар ҳам ўзига хос шаклда ривожланади. Шу тариқа юзага келадиган мутлақо ўзига хос ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий таъминлаш зарурияти пайдо бўлади.

    Маълумот ўрнида айтиш керакки, рекрутинг компаниялари экспертлари фикрига кўра, 2025 йилга қадар юристлар бошқа бир қатор таниқли касб вакиллари сингари анъанавий шаклда фаолият юритишни деярли тўхтатадилар. Британиялик тадқиқотчиларнинг “Ҳуқуқий касбнинг келажаги” (The Law Society, Англия ва Уэлснинг адвокатлар ассоциацияси, 2016) ҳисоботида юридик соҳада ҳам ҳамма дуч келадиган янги тушунчалар пайдо бўлганлиги таъкидланган. Тўртинчи саноат инқилоби даврида вужудга келган IT технология, “big data”, “онлайн судлов” каби янги тушунчалар мамлакат ҳуқуқ тизимига сезиларли таъсир қилади.

    Тўртинчи саноат инқилоби барча соҳалар каби ҳуқуқ оламига ҳам ўз таъсирини ўтказади ва Ўзбекистон ҳуқуқ тизими янги чақириқларга тайёр бўлиши лозим.

    — Аввалги форумнинг аҳамияти қандай бўлган? У ўз мақсадига қанчалик эришган?

    — “Tashkent Law Spring” Халқаро юридик форуми илк маротаба 2019 йилнинг апрель ойида ташкил этилган эди. Унда 1 200 нафардан ортиқ ҳуқуқшунос ва бошқа соҳалар мутахассислари иштирок этган. Форум доирасида 12 та ҳамкорлик бўйича битим ва меморандумлар имзоланди. Нуфузли делегациялар раҳбарлари билан Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Ташқи ишлар вазирлиги, Адвокатлар палатасида 30 дан ортиқ учрашувлари ташкил этилди. Уларда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича аниқ келишувларга эришилди.

    — Форумда Буюк Британия, Сингапур, Япония адлия вазирлари ҳам иштирок этар экан. Яна хорижий спикерлардан кимлар иштирок этади?

    — Форумда бир қатор хорижий мамлакатларнинг адлия вазирлари, суд ва бошқа давлат органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция, иқтисодиёт соҳаларидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертларнинг иштирок этиши кутилмоқда.

    Форум тантанали очилиш маросимида бир қатор давлат ва сиёсат арбоблари, таниқли мутахассислар, шу жумладан, Хақаро интеллектуал мулк ташкилоти бош директори Дарен Танг, Венеция комиссияси президенти Джанни Букиккио, Жаҳон банки гуруҳи вице-президенти Санди Окоро, Корея Ҳукумат қонунчилиги вазири Ли Канг-Сеупва яна кўплаб тажрибали спикерлар иштирок этади.

    — Форумнинг мунозара сессиялари, давра суҳбатлари мавзуси ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

    Форум мунозара сессияларида:

    * тўртинчи саноат инқилоби шароитида давлат ҳуқуқий сиёсати;

    * Legal Tech ва Law Tech;

    * тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва коррупцияга қарши экспертиза;

    * давлат органлари очиқлигини таъминлашда рақамли имкониятлар;

    * коронавирус чекловлари даврида медиация ва арбитраж;

    * умумий (инглиз) ҳуқуқи тизимининг хусусиятлари;

    * интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш;

    * сиёсатни амалга ошириш (Policy implementation);

    * рақамли даврда суд ҳокимиятининг мустақиллиги каби масалалар муҳокама марказида бўлади.

    Шунингдек, Форум давомида “Давлат хизматлари соҳасидаги илғор амалиёт”, “Рақамли муҳитда ҳуқуқий ахборот тарқатиш истиқболлари”, “Электрон нотариат”, “Адвокатурани ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамиятини такомиллаштириш” мавзуларида давра суҳбатлари ташкил этилади.

    “Маълумотлар ва ахборотни бошқариш” мавзусида мастер-класс бўлиб ўтиши режалаштирилган.

    Ҳуқуқ соҳасидаги хориж тажрибага эга бўлмоқчи бўлган барча мутахассисларни форумга таклиф қиламиз.

    — Мазмунли суҳбатингиз ва маълумотлар учун ташаккур.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Баҳор Хидирова суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates