УзА'нинг ёзишича, “Мастерс“ гуруҳида ғолиблик учун кураш олиб бораётган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов 1-турда қора доналарда ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандха билан куч синашган.
Ўзига хос кечган курашнинг 42-юриш ҳолатидаги тенглик томонларнинг муроса йўлини танлашига олиб келди.
Халқаро турнирнинг 2-турида Абдусатторов яна бир ҳиндистонлик Леон Люк Мендонка билан оқ доналарда куч синашади.
Мусобақанинг "Челленжер" гуруҳида дона сураётган Нодирбек Ёқуббоев дастлабки турда ҳиндистонлик Дивья Дешмух билан рўбарў келди. Учрашувнинг 48-юриш вазиятида қора доналарда ҳаракатланган ҳамюртимиз ғалабани тантана қилди.
Энди турнирнинг 2-турида Ёқуббоев оқ доналарда қозоғистонлик Казебек Ногербек билан баҳс олиб боради.
1-тур якунларига кўра, Абдусатторов 8 нафар шахматчи сингари 0,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 4-ўринни эгаллаб турибди.
13 та турдан иборат “Тата Стеэл Чесс-2025” мусобақалари 2 февралга қадар давом этади.









