Учрашувда Ўзбекистон Божхона қўмитаси раиси Акмал Мавлонов иштирок этди.
Тадбирда ваколатли иқтисодий операторларни ўзаро тан олиш, миллий тизимларни интеграция қилиш, “Ягона дарча” ва “Ягона бекат” тизимларини жорий этиш, шунингдек транзит ташувларида электрон пломбалар ва кузатув технологияларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Асосий эътибор 2022 йилда Самарқандда имзоланган “Соддалаштирилган божхона йўлаги тўғрисида”ги битим ижросига қаратилди. Ўзбекистон томони мазкур битим бўйича техник ишлар жорий йил октябрига қадар якунланиши зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, йиғилишда ТДТ ҳудудида eTIR электрон тартиботини жорий этиш масаласи кўриб чиқилди. Айни пайтда мазкур тизим 80 га яқин давлатларда қўлланмоқда. eTIR қоғоздаги ХЙТ китобчасидан воз кечиш, харажатларни камайтириш ва божхона расмийлаштируви жараёнларини соддалаштириш имконини беради.
Учрашув якунида ТДТ давлатлари минтақада eTIR тартиботини жорий этиш бўйича қўшма баёнот, шунингдек, хавфларни бошқариш ва божхона лабораториялари соҳасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумлари имзоланди.








