ТДЮУ талабалари 27 халқаро танловда иштирок этади

    Долзарб 15 апрел 2021 1718

    Тошкент давлат юридик университети ректорининг “Тошкент давлат юридик университети талабаларининг халқаро танловлардаги иштирокини қўллаб-қувватлаш ва янада кенгайтириш тўғрисида”ги буйруғи имзоланди.

    Университетнининг халқаро таълим майдонидаги рақобатбардошлигини ва юридик кадрлар сифатини ошириш ҳамда талабаларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур ҳужжат билан ТДЮУ талабаларининг иштироки таъминланадиган 27 та халқаро танловлар рўйхати ҳамда бу борадаги мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.

    Эндиликда, ҳар бир халқаро танловга талабалар жамоасини тайёрлаш учун тегишли кафедралардан икки нафар профессор-ўқитувчи бириктирилади.

    Жамоалар таркибини кенгайтириш ва уларга янги аъзоларни жалб этиш мақсадида таътиллар пайтида “Ёзги ва қишки мактаблар” ҳамда ўқув йили бошида халқаро танловлар ҳақида тақдимотлар ўтказилади.

    Ҳужжат билан тасдиқланган 27 та халқаро танловда фаол иштирок этган талабалар, уларни тайёрлаган ходимлар муносиб рағбатлантирилади.

    Шунингдек, университетда тизимли равишда мазкур халқаро танловларнинг миллий вариантлари ҳам ташкил этилади.

    Келгусида университет талабаларининг халқаро танловлардаги иштироки, хусусан, тайёргарлик жараёнлари оммавий ахборот воситалари орқали ёритиб борилади.