Телемедицина соғлиқни сақлаш тизимини ажралмас қисмига айланди

    Саломатлик 14 декабр 2021 1718

    Республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида Телемедицина соҳасини йўлга қўйиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

    Мазкур йўналиш Сирдарё вилоят Соғлиқни сақлаш тизимида рақамлаштириш, масофавий хизматларни йўлга қўйиш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш каби долзарб ва кечиктириб бўлмайдиган амалиётлар сирасидан ўрин олди. Бу эса касалликларни диагностика қилиш ва даволаш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошишида қўл келяпти.

    — Рақамлаштириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, кодлаш ва таснифлаш, электрон поликлиника ва Телемедицина хизматлари боис касалликка чалинган беморларни даволаш, ташхислашда яхши ютуқларни қўлга киритдик, — дейди Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акром Азизқулов. — Биргина, жорий йилнинг 9 ойи давомида Телемедицина хизмати боис 370 дан ортиқ беморни соғлиғини тиклашга, умр кўриш давомийлигини узайтиришга эришдик. Уларга телемедицина хизмати орқали республикамиздаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларнинг малакали мутахассислари реал вақт оралиғида кўрсатган онлайн хизмати орқали ҳам вақт тежалди, ҳам маблағ.

    Бундан ташқари вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини ажралмас қисми даволаш-профилактик муассасаларда рақамлаштириш ва «электрон тиббий карта» тизимини жорий этиш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилди. «Ўзтелеком» АК ёрдами билан «GPON» технологияси асосида жами 74 километр 320 метр масофали оптик толали тармоқ 138 та тиббиёт муассасасига тортилди. Бу тез тиббий ёрдам, амбулатор поликлиника ҳамда вилоят шифохоналари ўртасида дастурий интеграция алоқаларини йўлга қўйиш имконини берди.

    Қолаверса, ўтаётган йилда Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги давлат тиббиёт муассасаларига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 489 миллион 384 минг сўмлик 402 дона компьютерлар келтирилди ва барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида «Электрон поликлиника» тизими жорий этилди.

    Вилоят руҳий-асаб касалликлар диспансери, наркология диспансери ҳисобида турганлик ва ногиронлик тўғрисидаги (ТМEК) маълумотларни «Электрон ҳукумат» тизими орқали олиш имкони яратилди.

    Шунингдек, «Электрон поликлиника» ва «Emlash.uz» тизимлари Ягона интерактив давлат хизматлари порталига, «Туғилиш ва ўлим ҳолатларини электрон рўйхатга олиш» Адлия вазирлигининг «ФҲДЁ» ахборот тизимига ҳамда «coronavirus-test.uz» тизими «COVID-19сиз саёҳат» электрон платформасига интеграция қилинди.

    Муҳими, Сирдарёда касалликларни аниқлаш ва даволашда инновацион технологиялар имкониятидан кенг фойдаланиляпти. Олис ҳудудларда яшовчи фуқароларимизни соғлиқларини назорат қилиш ва тиклашда ҳам бу тизим ниҳоятда қўл келмоқда.

    Ғулом Примов,

    Сирдарё вилоят

    Соғлиқни сақлаш бошқармаси

    матбуот хизмати ходими.