Темир йўл ухлайдиган жой эмас

    Ташвишли хабар 5 август 2021 2719

    Темир йўлда ухлаб қолган шахс нафақат поезднинг, балки темир йўл кесишмасидаги ҳаракатнинг тўхташига ҳам сабаб бўлди.

    4 август, кечки пайт Фарғона вилоятидан ўтувчи темир йўлда фуқаро ухлаб қолгани маълум бўлган.

    «04.08.2021 й. Фарғона водийсининг Қўқон – Бувайда перегонининг 7-км.нинг 5-пк.да № П–93-сонли Андижон - Тошкент йўналишидаги йўловчи поезди ҳаракати 20 дақиқага тўхтади», дейилади тегишли маълумотда.

    Тўхташ сабаби, локомотив бригадаси темир йўл излари ичи (колея)да ётган одамни кўрганидан сўнг фавқулодда тормозлашни қўллади. Поезд қўриқланадиган темир йўл кесишмаларидан бирининг ҳудудида тўхтади. Натижада соат 21:50 дан 22:10 гача ушбу жойда автотранспортнинг тирбандлиги юзага келди.

    Мазкур фуқаро маст ҳолда бўлгани тахмин қилинмоқда.Фавқулодда тормозланиш темир йўлда ётган одам устидан поезд ўтиши олди олинмади, лекин хайриятки, унинг танаси пўлат излари орасида бўлгани боис унга ҳеч нима қилмаган. Бахтли тасодиф туфайли у киши нафақат боши омон қолди, ҳаттоки воқеа жойидан бош олиб қочишга муваффақ бўлди. Йўловчи поезд техник кўрикдан ўтганидан сўнг сўнг, поезд белгиланган йўналиш бўйлаб ҳаракатини давом эттирди, деб хабар беради «Oʼzbekiston temir yoʼllari» АЖ матбуот хизмати.

    Шунингдек, хабар орқали фуқароларга мурожаат қилиниб, темир йўл атрофи – хавфи юқори бўлган ҳудуд ҳисобланиши, мазкур жойлардан ўтиш қоидаларни эслаб юриш кераклиги эслатилади.