Теннисчиларимизнинг ғалабали юриши давом этяпти

    Нигина Абдураимова Пунада 1/2 финалга чиқди, Ҳумоюн Султонов эса 1/4 финалда!

    Ушбу хабар мазмунидан икки теннисчимиз бир мусобақада иштирок этяпти, деган тасаввур уйғотсада, аслида ундай эмас, иккала спортчимиз бир-биридан бошқа жойда ва бошқа турнирларда иштирок этяпти. Муҳими, ҳар икки ракетка усталарининг зафарли одими давом этмоқда.

    Жумладан, Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида теннис бўйича W40 Pune турнири бўлиб ўтмоқда. Мукофот жамғармаси 40 000 АҚШ долларини ташкил қилувчи турнирда ҳамюртимиз Нигина Абдураимова бироз аввал якунига етган 1/4 финал учрашувида осон ғалабага эришди.

    Турнирда иккинчи рақам остида таснифланган Абдураимова ярим финал чиптаси учун кечган баҳсда япониялик Ери Шимизуни 6/2, 6/1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Нигина 1/16 финалда латвиялик Диана Марцинкевични 6/2, 6/0, 1/8 финалда эса россиялик Дарья Кудашовани 6/2, 6/1 ҳисобида доғда қолдирган эди. Таққослаш учун, Нигина WTA рейтингида 176, Дарья 409, Диана, 374, Шимизу 612-ўринни эгаллаб турибди.

    Қувайт давлатининг Ал Заҳра шаҳрида ҳам теннис бўйича турнир давом этмоқда. Мукофот жамғармаси 25 000 АҚШ долларини ташкил этувчи мусобақада эса ҳамюртимиз Ҳумоюн Султонов муваффақиятли одимламоқда. Истеъдодли теннисчимиз бироз аввал якунига етган 1/8 финал учрашувида ATP рейтингида 1720-поғонада бораётган нидерландиялик Нилс Вискерни 6/2, 7/6(5) ҳисобида мағлубиятга учратди.

    Таққослаш учун, Султонов ATP рейтингида 491-ўринни эгаллаб турибди. Ҳумоюн 1/6 финалда турнирнинг биринчи ракеткаси, бельгиялик Филип Жиануга ҳеч қандай имконият қолдирмаганди - 6/2, 6/1. Энди у 1/4 финалда яна бир Нидерландия вакили, дунёнинг 745-ракеткаси Сидан Понтйодикромога қарши кортга чиқади.