Тиббиёт техникумининг намунали битирувчилари олий ўқув юртига имтиҳонсиз қабул қилинади

    Таълим 2 март 2021 2894

    Беморларнинг тезроқ соғайиши, аҳоли саломатлигини сақлашда ўрта тиббиёт ходимларининг ҳам билим ва кўникмалари, амалий тажрибаси муҳим роль ўйнайди. Сабаби улар бемор ва аҳоли вакиллари билан шифокорлардан кўра кўпроқ муомалада бўлади. Улар хасталарни парваришлаб, дори-дармон бериб, зарурий тиббий ёрдам кўрсатади. Шу боис ҳам мамлакатимизда ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг янгича, самарали тизими ишлаб чиқилди.

    ССВ матбуот хизмати бу ҳақдаги вазирликнинг Фан ва таълим бошқармаси масъул ходими Лутфи ЮСУПОВА билан мулоқотнинг давомини ҳавола қилади (2-қисм).

    — Ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш тизимини яратишда хориж тажрибаси ҳам ўрганилдими, бунда қайси жиҳатларга кўпроқ эътибор берилади?

    — Тиббиёт техникумлари фаолиятини ташкил этишда турли хорижий мамлакатлар тажрибаси билан танишдик. Хусусан, Россия, Қозоғистон, Европа мамлакатлари ҳамда таълим тизими кучли бўлган Финляндия тажрибасини ўрганиб, таҳлил қилдик. Ушбу мамлакатларда ёшлар тиббиёт муассасасида икки йил таҳсил олгандан сўнг оддий ҳамшира малакасига эга бўлади. Кейинчалик эса яна икки-уч йил маълум бир йўналиш бўйича ўқиб, ихтисослашади. Бир сўз билан айтганда, ўрта тиббиёт ходимларининг ҳам малакасига қараб, турли даражалари белгиланган.

    Ўзбекистондаги тиббиёт техникумлари ҳам юқори малакали ҳамшираларни тайёрлаш мақсадида ташкил этилди.

    Таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш натижасида инновацион, амалий усулларда таълим бериш тизими яратилмоқда. Масалан, техникумларда ўқув-симуляцион аудиториялар ташкил этилаяпти. Бундан ташқари, валеология, тиббий психология, нутрициология, диетология, фармакология, кинезиология, реабилитология, профпатология фанларини чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилиши кўзда тутилган.

    Ўқитиш сифати ҳақида сўз бораётганида, қабул жараёнларига ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Сабаби, тест синовларидан яхши ўтолмаган ёшларнинг тиббиётга иштиёқи ҳам паст бўлади. Шу боис бугунги кунда тиббиёт коллежлари, техникумларига ҳам бир хил (кимё, биология) фанлардан давлат тест синовлари ўтказилмоқда. Давлат тест маркази томонидан ташкил этилаётган имтиҳонлар шаффоф тарзда амалга оширилмоқда.

    Таъкидлаш жоизки, техникумнинг намунали битирувчилари ўз йўналишлари бўйича тиббиёт олий таълим муассасаларининг 2-курсидан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига ҳам эга. Бир сўз билан айтганда, тизим ўрта тиббиёт ходимларининг янада малакали кадр бўлишларига хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатилишига замин яратиши шубҳасиз.

    — Тиббиёт коллеж ва техникумлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтсангиз.

    — Албатта, бу борада ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, тиббиёт техникуми, коллежларида грант асосида ўқиётган талабалар иш билан таъминланади. Бундан ташқари, Президентимизнинг бир қатор қарор ва Фармонлари билан ўрта тиббиёт ходимлари учун янги штатлар жорий этилмоқда.

    Масалан, тегишли қонун ҳужжатига кўра, ҳомиладор ва туғруқдан кейинги даврдаги аёллар ҳамда 5 ёшгача болалари мавжуд оилаларга алоҳида патронаж ҳамшираси бириктирилади. Шунингдек, оилавий шифокор ёрдамчилари, нутрициолог, диетолог штатлари жорий этилиши кутилмоқда. Ушбу ўзгаришлар ҳам ўрта тиббиёт ходимларини иш билан таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

    Аслини олганда, таълим сифатининг кучайтирилиши битирувчиларни иш билан таъминланишига ҳам асос бўлади. Чунки малакали кадр ҳеч қачон ишсиз қолмайди. Тиббиёт соҳасида малакали кадрларнинг фаолият юритиши эса, халқимизга сифатли тиббий хизмат кўрсатилишининг кафолатидир.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги
    Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates