Тиббиётни рақамлаштириш, аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш масалалари муҳокама этилди

    Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларнинг бугунги ҳолати ҳамда соҳадаги бошқа муҳим вазифалар ижросига бағишланган танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказди.

    Видеоселектор шаклидаги ушбу мажлисда вазирлик марказий аппарати масъул ходимлари, тузилма раҳбарлари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари бош шифокорлари иштирок этди.

    Кун тартибидаги дастлабки масала кадрлар сиёсати ва ижро интизомига доир бўлди.

    Қайд этилганидек, замонавий тиббиётни ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис давлатимиз раҳбари томонидан соҳани рақамлаштириш, даволаш-профилактика муассасалари фаолиятига электрон тизимларни кенг жорий этишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

    Бу орқали аҳолига тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, соҳани янада такомиллаштириш, тиббиёт ходимлари ва беморлар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсад қилинган.

    Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 23 февралдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан вазирлик муассислигида “IT-Med” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, у “Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этишга масъул этиб белгиланган эди.

    Бироқ ўтган давр мобайнида бу йўналишдаги ишлар етарли даражада ташкил қилинмади. Тиббиёт муассасалари фаолиятига ахборот технологиялари талаб даражасида татбиқ этилмади. Оқибатда эса давлатимиз раҳбари томонидан тизим фаолиятига доир қўйилган бир қатор муҳим вазифалар ижроси таъминланмади.

    Йиғилишда вазир ушбу масалаларга тўхталар экан, муаммоларнинг илдизи “IT-Med”га етакчилик қилиб келган раҳбар кадрда бугунги замон талабларига мос билим ва салоҳият, ташаббускорлик, масъулият, муаммоли масалалар ечимига профессионал ва креатив ёндашув етишмаслигини таъкидлаб, ушбу тузилма фаолиятини жиддий танқид остига олди.

    Шундан келиб чиқиб, ўз ишида қатор камчиликларга йўл қўйгани учун муассаса раҳбари Артур Ҳакимов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

    Шунингдек, йиғилишда вазир аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб, бу йўналишдаги оғриқли муаммолар ҳақида ўта танқидий фикрлар билдириб ўтди.

    Якунда ушбу соҳага масъул бўлган вазирлик қошидаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” давлат унитар корхонасига янги раҳбар тайинланди.

    Унинг зиммасига ушбу йўналишда шаффоф тизимни яратиш, соҳага халқаро стандартлар, юқори технологияли лабораторияларни жорий қилиб, мамлакатда фармация соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, марказда фаолият кўрсатувчи кадрлар малакасини жаҳон талаблари даражасида ошириб бориш ҳамда ўз ишига ҳалол ҳамда виждонан ёндашадиган билимли ва маҳоратли мутахассислардан иборат жамоани шакллантириш каби муҳим вазифалар юклатилди.

    Йиғилишда, шунингдек вазирликнинг Соғлиқни сақлаш тизими инфратузилмасини ривожлантириш, уларни эксплуатация қилиш ва транспорт ҳисобини юритиш бошқармаси ҳамда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бошқармасига янги бошлиқлар тайинланди. Уларга қисқа муддатда мазкур йўналишдаги ишларни бутунлай янгича тизим асосида йўлга қўйиш вазифаси топширилди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates