Тинчлик, тараққиёт ва фаровон келажак кафолоти

    Давлат рамзларидан фойдаланишда эътиборсизлик ва камчиликларга йўл қўйган раҳбар ходимлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланганини биласизми?

    Ватанимизнинг давлат рамзлари халқимизнинг бой тарихи, ота-боболаримизнинг эзгу орзу-умидлари ва ёруғ келажакка бўлган интилишини ўзида мужассам этган, шу азим юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, ифтихор туйғусини бағишлайдиган муҳим воситалардир. Миллий давлатчилигимиз тарихида байроқ алоҳида ўрин тутган. Бизнинг ҳудудимизда байроқлар жуда қадим замонларда пайдо бўлгани кўплаб манбаларда, хусусан, қадимги адабий ёдгорликларда, тасвирий санъат асарларида ўз ифодасини топган.

    Бу йил миллий давлатчилигимизнинг ана шундай муҳим рамзларидан бири — Давлат байроғи тўғрисида қонун қабул қилинганига 29 йил тўлди. Яъни, 1991 йилнинг 18 ноябри “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонун қабул қилинган сана сифатида тарихимизга муҳрланган.

    Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ўрнатиш, унинг мамлакатимиз фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда яшайдиган бошқа шахслар томонидан ҳурмат қилиниши қонун билан муҳофаза қилинади. Шу боис, давлат рамзлари қонунда белгилаб қўйилган вақтда ва жойда ўрнатилиши, кўтарилиши, ижро этилиши ва бу жараёнга хос жиҳатларни эътиборга олиш жуда муҳим ҳисобланади.

    2010 йил 24 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақида”ги айрим қонун ҳужжатларига ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунга биноан қонунчилигимизга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг 4-моддаси тўртинчи қисмидаги “Янги ой ва юлдузларнинг” деган сўзлар “Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузларнинг” деган сўзлар билан алмаштирилди. Бу байроғимиз тасвири ҳақидаги тасаввурни янада аниқлаштирди. Маълумки, ҳилол — қўлга киритилган мустақиллигимизни, ўн икки юлдуз эса муқаддас Ватанимизда яшаётган инсонлар ҳамиша комилликка интилиши ва саодатга элтувчи йўлни танлашини билдиради. Бу жараён бевосита ва билвосита оқ ранг тимсолидаги тинчлик ва покликка дахлдордир. Қонунчиликка киритилган мазкур ўзгартиш эса халқимизнинг асрий қарашлари ва ҳаёт фалсафасига асослангани билан аҳамиятли.

    “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга янги 51 ва 52-моддалар ҳам киритилиб, давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан фойдаланиш тартиби мустаҳкамланди. Янги 51-моддага кўра, Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилар Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестри ёки Ўзбекистон Республикаси Давлат ҳаво кемалари давлат реестрига киритилган ҳаво кемаларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Авиация маъмурияти ҳисобида турувчи экспериментал ҳаво кемаларига, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда автомототранспорт воситалари ва улар тиркамаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгиларига ҳамда ­Ўзбекистон Республикасининг асосий чегара белгисига қўйилади.

    Давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметларда, ўқув-тарбия жараёнида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланилиши мумкин. Киритилган 52-моддага биноан байроғимиз элементлари нодавлат ташкилотлари ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмайди. Ундан товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш мумкин эмас. Нодавлат нотижорат ташкилотларнинг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши тақиқланади.

    Қонунчиликдаги бундай ўзгаришлар давлатимиз рамзлари элементларидан хусусий манфаат йўлида фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади. Асосийси, тарихий ва боқий қадриятларимиз асосида яратилган, халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги тимсоли бўлган давлатимиз рамзлари, жумладан, давлат байроғига нисбатан ҳурматни қонун жиҳатидан мустаҳкамлайди.

    Давлат рамзлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлаш тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига юкланиши “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида белгилаб қўйилди. Мазкур қонунларнинг 12 ва 7-моддаларида “Ушбу Қонуннинг Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналари томонидан ижро этилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа давлат органлари, ташкилотлардан ижро этилиши устидан назорат эса ички ишлар органлари, томонидан амалга оширилади”, деб кўрсатилганлиги улар ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

    Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат рамзларидан фойдаланишда эътиборсизлик ва камчиликларга йўл қўйган раҳбар ходимлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс “Давлат рамзлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш”, деб номланган янги 2031-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси ёки Қорақалпоғистон Республикасининг Давлат байроғи, Давлат герби ёхуд Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, — фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, — фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

    Зеро, давлат рамзлари — миллий суверенитетни, халқимизнинг мустақил, ўз тараққиёт йўлига эгалигини билдирадиган муқаддас тимсоллар саналади. Уларни ҳаётимизнинг муҳим бир бўлаги деб билиш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

    Феруза МУҲИДДИНОВА,

    ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates