Август ойининг учинчи якшанбаси ҳар йили мамлакатимизда, Ҳаво флоти куни сифатида кенг нишонланади. Сана муносабати билан Тошкент ҳарбий округига қарашли “Чирчиқ” умумқўшин дала-ўқув полигони ҳудудидаги марказий майдонда байрам тадбири бўлиб ўтди.
Байрамда касб байрамини нишонлаётган Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ҳарбий хизматчилари, уларнинг оила аъзолари, турли ёшдаги авиация ихлосмандлари жам бўлди.
Авиапарвозларда жанговар ва ҳарбий-транспорт самолётлари ҳамда вертолётлар учувчилари ўз маҳоратини намойиш этди. Улар томонидан самода Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвири ҳосил қилинди.
Авиашоуда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони, генерал-майор Аҳмад Бурхонов иштирок этиб, учувчиларнинг манёврларини кузатиб борди. Айниқса, қўмондон томонидан намойиш этилган мураккаб ва қизиқарли манёврларга бой авиачиқиш йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Десантчиларнинг жанговор вертолётдан парашют билан кўргазмали сакрашлари ҳам шулар жумласидан.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда мамлакатимиз ҳарбий ҳаво кучлари замонавий учиш аппаратларига эга. Бинобарин, ҳарбий ҳаво кучлари замонавий қурол-аслаҳалар, навигация воситалари, радиоэлектрон қурилмалар, жанговар самолётлар, вертолётлар билан етарли даражада таъминланган.
Тантанали тадбирда сўзга чиққанлар, ҳарбий учувчиларнинг шарафли ва машаққатли меҳнати, ўз касбага садоқати, устоз-шогирд анъаналарининг бугунги кундаги ўрнини ва аҳамиятини эътироф этар экан, юртимизнинг тинчлиги, осмонимзнинг мусаффолиги, халқимизнинг осуда ҳаётида соҳа фидойиларининг мисилсиз меҳнати мужассам эканлигини таъкидлади ва уларнинг ишларига улкан муваффақитлар тилашди.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
"Янги Ўзбекистон" мухбири