Тирикчиликнинг айби йўқ

    Олти ёшли Зафаржон ногирон оёқлари билан чопқиллаб келиб, ўзини Хилоланинг бағрига отаркан: “Ойижон келдингизми, бунча соғинтирмасангиз? Биласизку, мен сизни жуда яхши кўраман!”, дейди.

    2018 йилнинг март ойида мени Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институтига ишга таклиф этишди “Хорижий тиллар” кафедрасида доцент бўлиб ишлашни бошладим. Кафедра асосан аёллардан ташкил топган, подполковник Ғанишер Қодиров бошлиқ эди. Ўқитувчилардан ташқари бу ерда лаборантлар ҳам меҳнат қилишарди. Улардан бири диққатимни тортди. Чунки у гапга чечанлиги, эпчил ва топқирлиги билан бошқалардан ажралиб турарди.

    Маълумоти ўрта махсус бўлганлиги учун у ўзини қандайдир ноқулай ҳис қилар, фан докторлари ва фан номзодлари ҳамда олий маълумотли мутахассислар орасида бегонасираб юрадиган бўлиб қолди. Мен у билан астойдил суҳбатлашадиган бўлдим.

    Олий маълумот ололмаганидан афсусда эканлигини айтганида, ҳозирги кунда мамлакатимизда таълим олиш учун жуда чуқур ислоҳотлар олиб борилаётгани, таълимни сиртқи ва кечки бўлимлари очилиб, ишлаб ўқиш имкониятлари яратилганини айтдим.

    Айниқса, хотин-қизларни маълумот олишига кенг йўл очилганини тушунтирдим. Бу гаплардан сўнг унинг кўзларида ишонч нурлари порлаганини кўриб, кўнглим хотиржам бўлди. Суҳбат давомида у ҳунарманд эканлигини айтиб ўтди.

    У чиройли сунъий гулларни ясашини ва бозорга олиб чиқиб сотишини маълум қилди. “Тирикчиликнинг айби йўқ”, дедим. Ўша вақтлар 22-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланувчилар билан бир қанча маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб, уларга ҳунарманд Хилола Тоировани ҳам таклиф этдим. Меҳрибонлик уйи унинг маҳалласида жойлашган, келишга қийинчилик йўқ эди.

    Бир куни у менга: “Домла, шу ерда “Моҳир қўллар” деган тўгарак очсам нима дейсиз?”, деб қолди. Тарбияланувчи қизларни ҳунарли қилишини ва ҳунарли одам ҳеч қачон хор бўлмаслигини таъкидлади. Мен: “Жуда яхши ўйлабсиз, зўр иш бўлади.”, дедим. Зудлик билан керакли жойлардан рухсат сўраб, тўгарак ишини бошлаб юборди. Ҳа, айтганча, бу савоб ишларда олий таълим муассаси раҳбари М.Х. Рустамбаевнинг ҳам ҳиссалари катта бўлди.

    Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Хилолани ўз оналаридек қабул қилиб, ҳунарнинг сир-асрорларини астойдил ўргана бошлашди. Вақт ўтгандан кейин тарбияланувчи қизларнинг маҳсулотлари йиғилиб қолди. 2021 йилнинг Наврўз байрами тантаналарида қизларнинг маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Тарбияланувчи қизлар тайёр маҳсулотларининг нафақат кўргазмаси, савдоси ҳам ташкил этилди. Университет офицер ва курсантлари уларни талашиб ҳарид қилишди. Кўргазмани ташкил этишда полковник И.А.Маҳмудов алоҳида фаоллик кўрсатди.

    Хилола тарбияланувчи қизларнинг бу ютуғидан руҳланиб, янада шижоат билан ишга киришди. Университет профессор-ўқитувчилари ҳам бефарқ қараб туришмади. Баҳоли қудрат маблағ йиғиб, қизларга гул ясаш учун хом-ашё олиб беришди.

    Бу борадаги ишларда кафедра бошлиқларидан майор Хуршид Маматқулов, подполковник Зохиджон Алимардонов ва кафедра бошлиғининг ўринбосари подполковник Даврон Ўриновларнинг хизматлари беқиёс. Хилола Тоирова жамоада ўз ўрнини топди ва янада ғайратга жўшиб, қилаётган савоб ишларини янада кўпайтирди.

    Жорий йилнинг август ойида пойтахтнинг Шайхонтохур туманида бўлиб ўтган “Оқила аёл” кўрик- танловида иштирок этиб, Камолон Дарбоза маҳалласининг ғолиби бўлди ва шаҳар босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ютуқлар Хилолани қаноатлантирмай, янги марраларни забт этишга бел боғлади. Университет бошлиғи М.Х.Рустамбаевнинг тавсиясига кўра, Олмазор туманидаги Мурувват уйида ҳам фаолият бошлади.

    Бу ерда асосан ногирон ўғил-қизлар тарбия топишади. Мурувват уйи раҳбарияти ҳамда Миллий гвардия қўмондонлиги билан ҳамкорликда “Ҳунар, ҳунардан унар” номли тўгаракни ташкил қилди. Уни ҳафтасига икки маротаба ташкил этишда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия қўмондонининг ўринбосари полковник С.Д. Мамаюсупов катта ёрдам берди. Қарангки, меҳр берсанг, меҳр оласан дейишади, Мурувват уйининг тарбияланувчилари Хилолани “ойижон” деб чақиришади.

    Айниқса, олти ёшли Зафаржон ногирон оёқлари билан чопқиллаб келиб, ўзини Хилоланинг бағрига отаркан: “Ойижон келдингизми, бунча соғинтирмасангиз? Биласизку, мен сизни жуда яхши кўраман!”, дейди. Кетаётганида эса, “ойижон” қачон келасиз?”, деб қолишар экан. Хилола буларни кўриб, бағри эзилиб кетаркан. Чунончи, қалби ўксикларни ўз боласидек кўриб, ҳунар ўргатишдек савоб ишни амалга ошираётганлиги Хилоланинг нақадар олийжаноб қалб соҳибаси эканлигидан далолат беради.

    Тўлқин Сайдалиев,

    Ўзбекистон Республикаси ФВВ Академияси доценти,

    истеъфодаги подполковник