Тонналар мисқолдан, даромад тийиндан пайдо бўлади

    2035 йилга бориб, дунёда мазкур энергияга бўлган талаб яна 35 фоизга ошиши кутилмоқда.

    Кундалик ҳаётимизни электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувисиз тасаввур эта олмаймиз. Биз ҳар куни фойдаланадиган бу манбалар иқтисодий тармоқлар фаолиятини ҳаракатга келтирувчи асосий куч ҳисобланади. Айниқса, электр энергияга эҳтиёж тоборо ортиб боряпти.

    Халқаро мутахассисларнинг фикрича, 2035 йилга бориб, дунёда мазкур энергияга бўлган талаб яна 35 фоизга ошиши кутилмоқда. Юртимизда ҳам ҳудди шундай жараёнлар кузатиляпти. Бу, ўз навбатида, электр энергияси ишлаб чиқариш манбалари ҳажмини кўпайтириш, янгиларини барпо этишни тақозо этгани ҳолда, инновацион технологиялар ёрдамида уларни тежашга эътиборни кучайтиришни ҳам талаб этади.

    Шу мақсадда, мамлакатимизда энергетика тизимини модернизация қилиш, соҳага замонавий технологияларни татбиқ этиш, муқобил манбалардан кенг фойдаланиш борасида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Прездентимизнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни шу мақсадларга йўналтирилган.

    2020 йилнинг 20 август куни “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан пойтахтимизда фойдаланишга топширилган “Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази” бу борада ташланган муҳим қадамлардан бири бўлди. Марказда Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида замонавий электр ҳисоблагичлар ишлаб чиқарила бошланди. Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бугунги кунда республика электр энергияси истеъмолчиларига электр энергиясини автоматлаштириш тизими (АСКУЭ)га мос ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари амалга ошириляпти. Дастур ёрдамида қайси тармоқ ёки ҳудудларда меъёрдан ортиқ йўқотишлар бўлаётганини аниқлаш орқали электр энергиясини узатишда тижорат йўқотишларга имкон қадар тўсиқ қўйилмоқда.

    Диёрбек НИШОНОВ,

    Электр энергиясини автоматлашириш маркази филиали директор ўринбосари:

    — Электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмини қанчалик оширмайлик, унинг сарфини тартибга солмас эканмиз, йилдан йилга ортиб бораётган талабни қондириш қийинлашиб бораверади. Масалан, бугунги кунда ҳар бир хонадонда биттадан телевизор, кир ювиш машинаси, чангютгич каби маиший техникалар бор. Уларнинг сонига қараб, электр энергия истеъмоли ҳам ошаверади. Ваҳоланки, ҳар бир оилада бир йилда ўртача 400 кВт/соатгача электр энергияни тежаш имконияти бор.

    АСКУЭ тизими ана шундай йўқотишларнинг олдини олишга имкон беради. Бу автоматлаштирилган тизим бўлиб, инсон омили таъсирисиз ҳисоблагич кўрсаткичларини қайд қилиш, қарздорлик мавжуд бўлганда тармоқдан ажратиш, қарздорлик бартараф этилгандан кейин қайта улашнинг замонавий механизмидир. Дунёда бу тизим кўплаб юртларда қисман жорий қилинган. Ҳатто, айрим ривожланган давлатларда ҳали-ҳанузгача индукцион механик ҳисоблагичлардан фойдаланиб келинмоқда.

    АСКУЭ тизимини жорий этишдан асосий мақсад истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлаш, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш, истеъмолчиларнинг фойдаланган қувват учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, уни тақсимлашда ҳар бир истеъмолчи ва трансформатор пункти кесимида керакли маълумотларни олиш ва таҳлил қилиб бориш, улар асосида модернизация ишларини амалга оширишдан иборат.

    Автоматлаштирилган тизим кўплаб афзалликларга эга. Унга уланган электр ҳисоблагичлардан фойдаланиш, аввало, фуқароларга қулайлик яратади. Аввалги ҳисоблагичларда саноқли маълумотлар жамланган бўлса, тизимга уланган ҳисоблагичларда 40 тага яқин маълумотни кўриш имконияти мавжуд. Асосийси, тизимда барча жараёнлар автоматик тарзда амалга оширилиши ҳисобига фуқароларни ҳеч ким безовта қилмайди. Бу эса турли тамагирлик ҳолатларини камайтириш, дебитор қарздорлик ўсишига йўл қўймаслик, тармоқда тижорат зарарларини аниқлашга ҳамда камайтиришга хизмат қилади.

    Бугунги кун ҳолатига кўра, республика бўйича жами 7 миллион 104 мингдан ортиқ ҳисоблагич ўрнатиб бўлинди. Режага асосан, жами 7 миллион 400 мингга яқин ҳисоблагич алмаштирилиши кераклиги ҳисобга олинса, бу қарийб 96 фоиз вазифа бажарилганини англатади. Ушбу ўрнатилган ҳисоблагичларнинг қарийб 5 миллион 862 мингтадан ортиғи биллинг тизимига уланган.

    Замонавий ҳисоблагичлар саноат корхоналарида ҳам ўрнатилмоқда. Албатта, ҳар бир корхона ўз эҳтиёжига асосан электр энергияси сарфини белгилайди. Мазкур тизим ўрнатилиш натижасида саноат корхоналарида электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш даражаси бир неча баробарга ортгани кузатилди.

    Тоза ҳаво зарур

    Электр энергияни тежаш орқали экологик барқарорликка ҳам муносиб ҳисса қўшиш мумкин. Масалан, 1 кВт/соат электр ишлаб чиқариш жараёнида атмосферага 0,6 килограмм кўмир чиқиндиси, 0,12 куб метр ис гази чиқади. Демак, электр энергиядан оқилона фойдаланиш ҳисобига атроф-муҳит мусаффолигини сақлаган бўламиз.

    Дунёда кечаётган иқлим ўзгаришлари самарали, ресурстежамкор ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлашда етарлича муаммо ва эҳтиёжлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, жадаллашаётган саноатлаштириш ва аҳоли сонининг ортиши иқтисодиётнинг ресурсларга бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада ошириб, атроф-муҳитга салбий таъсир ҳамда иссиқхона газлари ажратмаларининг кўпайишига олиб келяпти. Бу борада ҳам ижобий натижаларга эришиш учун замонавий, иқтисодий самарадор технологияларга эҳтиёж юқори.

    Азиз КАЛИМБЕТОВ,

    Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи:

    — Атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар миқдорини камайтириш ва ўз навбатида, ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида, биринчи навбатда, йирик ишлаб чиқариш корхоналарида атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган тадбирларнинг амалга оширилиши сезиларли экологик самара беради.

    Мамлакатимизда металлургия, энергетик, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, нефть-газ ва кончилик саноати корхоналари ҳамда автотранспорт воситалари ҳавони ифлослантирувчи асосий манбалар ҳисобланади. Сўнгги 3 йилда республика бўйича атмосферага ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори ўртача 2,427 миллион тоннани ташкил этмоқда. Шундан 62 фоизи транспорт воситалари, 38 фоизи саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келяпти.

    Автоуловлар экология учун доим зарарли ҳисобланган. Лекин бу инсон саломатлигига етказиладиган зарарни оқлаш учун баҳона бўла олмайди. Дунё олимлари бунга қарши курашга чоғланган бир вақтда, мамлакатимизда ҳам охирги йилларда сезиларли ишлар амалга ошириляпти. Республикада ишлаб чиқарилаётган автотранспорт воситаларининг экологик жиҳатдан фойдали жиҳатларини юқори даражаларга келтириш, улардан фойдаланишда қайта тикланувчи энергия турларини жорий этиш, хусусан, электр энергиясида харакатланувчи автотранспорт воситаларининг ижобий тарафларини тарғиб этиш ва улар сонини кўпайтиришга эришиш, транспортдан фойдаланишда муқобил энергия турларига босқичма-босқич ўтишни амалга ошириш, йўлларда велосипедда харакатланиш тизимини фойдаланишга киритиш ва керакли инфратузилмалар, яъни велосипед йўлакчалари ва велотурургоҳларни барпо этиш кабилар шулар жумласидандир.

    Бугунги кунда автотранспорт воситаларининг атмосферага чиқараётган ифлослантирувчи моддалар миқдори кўплиги транспорт воситалари сонининг ошиб бориши, фойдаланилаётган ёқилғи тури ва йўл ҳаракатини ташкил этиш сифатига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Автомобиллардан атмосферага ташланадиган ташламаларнинг мониторинги доирасида жорий йил баҳор мавсумида ўтказилган “Тоза ҳаво” ойлиги тадбирининг биринчи босқичида 120 мингдан ортиқ транспорт воситаси кўрикдан ўтказилганида, улардан қарийб 5 минтаси стандарт талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Шундан 1,5 мингга яқини вақтинча тўхтатилиб, техник хизмат шохобчаларига юборилди, натижада бир кунда ўртача 80 тонна зарарли моддалар ташланишининг олди олинди.

    Ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда атмофера ҳавосига транспортлардан ташланган ифлослантирувчи моддалар миқдори 2018 йилдагига нисбатан 11,3 фоизга камайган. Бундай чора-тадбирлар мунтазам давом эттирилмоқда.

    Бу борада иқтисодий тежамкорликка эришиш, аввало, аҳоли саломатлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу боис, ушбу йўналишдаги тармоқлар, айниқса, саноат корхоналарини замонавий ҳаво тозалаш ускуналари билан таъминлаш ниҳоятда муҳим. Ҳозирги кунда республикада ишлаётган чиқинди чиқарувчи манбаларнинг сони 90 650 тани ташкил қилиб, улардан 42 823 таси ташкиллаштирилган манбалар бўлгани ҳолда, 6 451 таси чанг-газ тозалаш ускуналари (ЧГТУ) билан жиҳозланган.

    Атмосферага етказилаётган салбий оқибатларни камайтириш мақсадида бир қатор самарали тадбирларни амалга ошириш кўзланган. Фойдаланишда бўлган ЧГТУларни самарадорлиги 95 фоиздан кам бўмаганларига алмаштириш, янги фойдаланишга топширилаётган саноат объектларини самарадорлиги 99,5 фоиздан кам бўлмаган ЧГТУлар билан таъминлаш шулар жумласидан. Бунинг натижасида йилига атмосферага 0,5-0,8 миллион тоннагача ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг олди олинади.

    Жорий йилда тасдиқланган “2021–2023 йилларда Ўзбекистон Республикасидаги йирик саноат корхоналарида чанг-газларни тутиб қолиш самарадорлигини янада оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури”га асосан, республика бўйича 53 та йирик саноат корхонасидаги 294 та чанг-газ тозалаш ускуналарининг таъмирланиши, носозларининг янгиларига алмаштирилиши натижасида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддаларни 3 528 тоннагача камайтиришга эришилади.

    Шунингдек, 2025 йилга қадар 406 та йирик корхона ва ташкилотнинг 1 360 та ифлослантирувчи манбаларида зарарли моддаларни таҳлил қилувчи автоматик тизимларни жорий қилиш, республикада ишлаб чиқарилаётган мотор ёнилғиси ва автотранспорт воситалари экологик кўрсаткичларини юқори даражаларга келтириш, атроф-муҳитга таъсири бўйича 1-тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектларни атмосферага устувор турғун ифлослантирувчи манбалардан чиқадиган зарарли моддаларни таҳлил қилувчи автоматик тизимлар билан жихозлашни таъминлаш каби чоралар кўзда тутилган.

    Юқорида келтирилган тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида яқин келажакда атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишини 10 фоизга камайтиришга эришиш мумкин бўлади.

    Саноат корхоналарининг атроф-муҳитга чиқарадиган зарарли моддаларини камайтириш борасида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти томонидан олиб борилаётган самарали ишларнинг ҳам улуши юқори. Жамиятдан олинган маълумотларга кўра, ҳудудларда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида чора-тадбир режалари ишлаб чиқилган.

    Белгиланган режа асосида “Максам-Чирчиқ” акциядорлик жамиятида карбамид цехи тозалаш иншоотининг инжекцион фарсункаларини таъмирлаш ишлари олиб борилиши ва аммиакли селитра цехидаги Х-29 тозалаш иншоотининг филтирларини алмаштириш натижасида атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдори 27 фоизга камайишига эришилди.

    “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятида сувни қайта ишлашнинг замонавий тизими жорий этилиши орқали эса йилига 450,2 минг тонна чучук сувни тежашга, қаттиқ чиқиндиларни 536,7 тонна камайтиришга эришилди. Бунинг натижасида полигонларда йилига 1341,7 тонна чиқинди тўпланишининг олди олинди.

    “Навоийазот” акциядорлик жамиятида замонавий талабларга тўлиқ жавоб берадиган аммиак, карбамид ва азот кислотаси ишлаб чиқариш учун янги қувватларни жорий этиш билан биргаликда, ҳозирги вақтда маънан эскирган аммиак ишлаб чиқариш цехи биринчи ва иккинчи навбати ва азот кислотаси ишлаб чиқариш цехи 1-навбати иш фаолияти тўхтатилди ва йилига корхона ташланмалари 25 фоизга камайтирилди. Жумладан, углерод оксидини 46 фоизга, азот оксидларини эса 24 фоизга камайтиришга эришилди.

    Сўнгги уч йилда ишлаб чиқариш объектларини реконструкция ва модернизация қилиш ҳисобига корхоналарда зарарли моддалар ташланмалари 2019 йилга нисбатан 16 фоизга камайди. Корхоналар эҳтиёжи учун ишлатиладиган сувнинг йиллик сарфи эса 513,9 минг тоннага қисқарди.

    Инновацион ечимлар

    Жаҳондаги энг долзарб масалалардан бири ичимлик сув муаммоси ҳисобланади. Сув тикланувчи ресурс бўлса-да, дунёнинг кўпгина қисмида, жумладан, минтақамизда унга бўлган талаб ортиши баробарида, сув тақчиллиги ҳам йилдан йилга ошиб бормоқда. Дунё экспертлари маълумотларига кўра, 2020 йилда сайёрада аҳолининг йиллик ўсиш кўрсаткичи 95 миллионни ташкил этиб, чучук сувдан фойдаланиш ҳажми эса 17 каррага ортган. Яна бир маълумот, 2000 йилгача кам сувли мавсум ҳар 6-8 йилда бир марта кузатилган бўлса, охирги йилларда бу жараён ҳар 3-4 йилда такрорланмоқда.

    Ачинарлиси, одамларга “Сувни исроф қилманг, ундан оқилона фойдаланинг”, деган билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Масалага пухта ўйланаган, инновацион лойиҳалар орқали ечим топиш зарурлиги кундек равшан. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ана шундай комплекс чора-тадбирларга фаол киришилган. Ичимлик сувни тежаш, сув йўқотишларининг олдини олиш мақсадида инновацион ечимлар устида амалий ишлар олиб бориляпти.

    Зуҳриддин ЗАЙНИДДИНОВ,

    “Ўзсувтаъминот” АЖ департамент директори:

    — Тоза ичимлик сув инсоният яшаши учун энг зарурий воситалирдан бири саналади. Келажакда озиқ-овқат маҳсулотлари, тикланмайдиган табиий ресурслар ўрнини бошқа усуллар билан яратилган маҳсулотлар эгаллаши мумкин, аммо сувнинг ўрнини ҳеч нарса босолмайди. Шу боис, уни тўғри сарфлаш, тежаб фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга.

    Айни пайтда ичимлик сув сарфини бир неча баробар камайтиришга қаратилган бир қанча замонавий лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Хусусан, Исроилнинг “Maya International Infrastructure” ташкилоти билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида 3 та инновацион лойиҳа ишга туширилди. Уларнинг биринчиси ичимлик сув таъминоти қувурларидаги ерости кўринмас носозликларини аниқлашда “сунъий йўлдош технологияси”дан фойдаланишга қаратилган. Масалан, Тошкент шаҳри сунъий йўлдош орқали расмга олиниб, ер остидаги сув қувурларидаги 940 та кўринмас носозлик зонаси аниқланди. Ушбу тажриба ҳозирча фақат пойтахтда синовдан ўтказилмоқда. Аниқланган носозликлар эса “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖ ходимлари томонидан бартараф этилди. Шу билан ичимлик сувининг ортиқча исроф бўлишига чек қўйилиб, 12,5 миллион куб метр ичимлик сувнинг ер остига сизиб кетиши олди олинди. Натижада 4,9 миллиард сўм маблағни тежаб қолишга эришдик.

    Иккинчи инновацион лойиҳа — сув қувурларини ер қопламасини бузмасдан санация, яъни реабилитация қилишдан иборат. Бунда сув қувурининг ичига махсус материал қопламаси юборилиб, у янгиланади. Бугунги кунда ушбу технология Тошкент шаҳрида татбиқ қилинмоқда. Хусусан, ичимлик сув қувурларининг ички ҳолатини аниқлаш учун Германиядан масофадан бошқариладиган “Shroder S-200” махсус робот-камераси келтирилди. Қурилма орқали 10 та манзилдаги сув қувурларининг ички ҳолати сканер қилиниб, тегишли хулосалар чиқарилди.

    Учинчиси, ичимлик сув ақлли ҳисоблагичларини (смарт-ҳисоблагичлар) амалиётга татбиқ этиш лойиҳасидир. Жараёнда намуна сифатида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги Қизил Шарқ мавзесидаги 34 та кўп қаватли уй-жойнинг ер ости қисмига 64 та ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилди. Улардаги маълумотларни масофадан қабул қиладиган ва тегишли биллинг дастурига етказиб берадиган компьютер дастури яратилиб, қайдлар тест режимида таҳлил қилинмоқда.

    Лойиҳа натижасида тўлиқ ўлчов ҳудуди (Districct Meter Area – DMA) яратилиб, унга жами қанча сув киргани, қанча истеъмол қилингани ва шу ҳудудда ҳақиқий сув йўқотилишининг аниқ ҳажмини билиш имконияти яратилади. Мазкур лойиҳа ижобий самара берса, уни келгусида бошқа ҳудудларда ҳам қўллаш режалаштирилмоқда.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates