Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси фавқулодда тўхтатилди

    Наманган вилоятидаги “Ўзтрансгаз” АЖга қарашли магистрал газ қувури ўтган ер майдонида номаълум шахслар томонидан келишмасдан ерни қазиш ишлари олиб борилгани натижасида газ қувурига шикаст етказган.

    Бу ҳақда Энергетика вазирлиги маълум қилди.

    Ушбу газ қувури Тўрақўрғон ИЭСни ёқилғи билан таъминлайди. Мазкур газ қувурига етказилган шикаст натижасида Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси фавқулодда тўхтатилди.

    Ҳозирги вақтда носозликларни бартараф этиш, шунингдек, электр таъминоти учун захира қувватларини ишга тушириш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

    Бошқа электр станцияларида захира энергоблокларини улаш бўйича ишларни бажариш учун маълум вақт зарурлигини инобатга олган ҳолда, айрим ҳудудларда электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.