Тошкент давлат педагогика университетида халқаро математика олимпиадаси ўтказилди

    Халқаро олимпиада Леонард Эйлер номидаги математикани қўллаш-қувватлаш халқаро жамғармасининг расмий мурожаати асосида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ташкил қилинди.

    Умумтаълим мактаблари ва академик лицей ўқувчилари ўртасида “Ҳамжиҳатлик формуласи/Учинчи мингйиллик” халқаро математика олимпиадасининг якуний босқичи ўтказилди.

    У Леонард Эйлер номидаги математикани қўллаш-қувватлаш халқаро жамғармасининг расмий мурожаати асосида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида ташкил қилинди.

    Олимпиадада ўзбекистонлик 32 нафар энг иқтидорли ўқувчи қатнашди. Финал босқичи қатнашчилари орасида халқаро математика олимпиадаси ва халқаро математика мусобақасида иштирок этган терма жамоа аъзолари ҳам бор.

    Мусобақа икки босқичдан иборат. Биринчи — саралаш босқичи масофавий шаклда ўтказилади. Якуний (финал) босқич ҳудудий майдончаларда ташкил этилди. Бу йил олимпиаданинг саралаш босқичида 30 давлатдан 5000 га яқин ўқувчи қатнашиб, энг юқори балл олганлар якуний босқичга таклиф қилинган.

    Ҳар босқичда 6 тадан масала тақдим этилди. Ҳар бир масала максимал 7 балл (жами 42 балл) билан баҳоланади. Масалалар мураккаблиги даражаси юқори бўлиб, улар алгебра, сонлар назарияси, геометрия, комбинаторика бўлимларига оид.

    Олимпиаданинг расмий тили — инглиз ва рус тиллари. Ташкилий қўмита томонидан тайёрланган назорат материаллари ва баҳолаш мезонлари барча маҳаллий координаторларга ўзларининг давлат тилларига таржима қилиш учун тақдим этилди.

    Ушбу халқаро олимпиада биринчи марта 2001 йилда ўтказилган. Ўзбекистон ўқувчилари илк марта 2016 йили қатнашган. Шу даврда бир нечта кумуш ва бронза медалга сазовор бўлган. Олимпиада халқаро математика олимпиадаси ва халқаро математика мусобақасига саралаш ва тайёрлашда муҳим роль ўйнайди.