Тошкент давлат стоматология институтида замонавий инновацион симуляция маркази очилди

    Институт симуляция марказини ташкил этишда Россия, Беларусь Республикаси, АҚШ, Жанубий Кореянинг нуфузли олий таълим муассасалари ва ўқув марказлари тажрибасига таянилди.

    Ҳар томонлама етук ва рақобатбардош шифокорларни тайёрлаш, амалиётга қаратилган ўқув жараёнини замонавий фантом, симуляторлар ва лабораториялар билан жиҳозлаш орқали тиббий олий таълимни ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида Тошкент давлат стоматология институтида замонавий инновацион симуляция маркази очилди.

    Марказнинг очилиш маросимида Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқарма бошлиғи Ў.Исмоилов, институт ректори Нодир Ҳайдаров иштирок этди.

    А.Тошқулов Тошкент давлат стоматология институтида замонавий талабларга мос, соҳанинг илғор технологияларини пухта эгаллаган, юқори малакали тиббиёт ходимлари ва илмий мутахассисларни тайёрлаш борасидаги ишларга алоҳида тўхталиб ўтди.

    Институт симуляция марказини ташкил этишда Россия, Беларусь Республикаси, АҚШ, Жанубий Кореянинг нуфузли олий таълим муассасалари ва ўқув марказлари тажрибасига таянилди.

    Симуляция марказида Франциядан келтирилган “Virteasy Dental” 3D симуляторлари, Англиянинг ўқув микроскоплари, Россиянинг “Пирогов” анатомик интерактив столи, Италиянинг талабалар учун энг охирги моделдаги стоматологик фантомлари ўрнатилган. Шу билан бирга, виртуал кутубхона хам талабаларга хизмат кўрсатади.

    Буларнинг барчаси машғулотларни замон талаби асосида ташкил қилиш, талабалармизга янгича ёндашув асосида билим бериш учун хизмат қилади.