Халқаро анжуманлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида ташкил этилди. Унинг мақсади икки давлат ўртасида тиббий, илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, ёшлар дўстлигини янада ривожлантириш ҳамда илмий интеграцияга хизмат қилишдан иборат.
Тадбир дастурида жарроҳлик ва стоматология йўналишлари бўйича халқаро олимпиадалар, шунингдек шахмат, теннис ва югуриш бўйича спорт турнирлари ташкил этилди. Бу мусобақалар ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш билан бирга, уларнинг ўзаро дўстона алоқаларини кучайтиришга ҳам хизмат қилди.
“Қозоғистон – Ўзбекистон: соғлиқни сақлаш, технология ва кадрлар соҳасида ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро форумда соғлиқни сақлаш тизимидаги инновацион тажрибалар, тиббиёт таълимида модернизация жараёнлари, кадрлар тайёрлаш сифати ҳамда ёш олимлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама этилди. Форум натижасида қўшма илмий лойиҳалар ва академик алмашинув дастурларини амалга ошириш режалари белгилаб олинди.
Шунингдек, ТДТУ талабалари Қозоғистоннинг етакчи тиббиёт олийгоҳлари раҳбарлари билан очиқ мулоқот қилиш имкониятига эга бўлдилар. Жумладан, Асфендияров номидаги Қозоғистон миллий тиббиёт университети ректори Марат Шоранов, Қарағанда тиббиёт университети ректори Бахит Кошерова, Семей тиббиёт университети ректори Алтай Дюсупов, Ғарбий Қозоғистон тиббиёт университети проректори Нургул Абенова ўз тажрибалари, тиббиёт таълимидаги ислоҳотлар, аёллар илмидаги инновациялар ва шифокорлик касбининг инсонпарварлик моҳияти ҳақида нутқ сўзладилар.
Қарағанда тиббиёт университети ректори Бахит Кошерова қуйидагича таъкидлади:
— Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик қадимдан мавжуд. Жумладан, тиббиёт ва таълим соҳасида ҳам алоқаларимиз кенг йўлга қўйилган. Университетлар ўзаро шартномалар асосида тадқиқотлар олиб боради, талабалар тажриба алмашади. Бу келажакда тиббиётда янги инновацияларни татбиқ этиш ва беморлар саломатлигини мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамиятга эга.
Ҳафталик доирасида талабалар ўртасида жарроҳлик ва стоматология бўйича олимпиадалар, спорт тадбирлари, фан олимпиадалари, илмий-амалий конференциялар, маҳорат дарслари ва давра суҳбатлари ўтказилди. Ректорлар “Таълимда етакчилик”, “Аёллар илмида инновациялар”, “Тиббиёт келажаги бизда” каби мавзуларда маърузалар ўқиб, ёшларга илҳом бағишладилар.
Форум қатнашчилари ТДТУнинг смарт симуляция марказидаги замонавий тиббиёт ускуналари билан танишдилар. Шу билан бирга, икки давлат олийгоҳлари ўртасида янги ҳамкорлик битимлари имзоланди, ёш олимларнинг илмий лойиҳалар кўргазмаси намойиш этилди.
Қозоғистон делегацияси Тошкентнинг маданий ва тарихий жойларига ташриф буюриб, Асфендияров номидаги мемориал мажмуа билан ҳам танишди. Бу ташрифлар икки халқ ўртасидаги маданий яқинлик ва тарихий ришталарни янада мустаҳкамлади.
Шунингдек, ТДТУ ректори Шуҳрат Боймурадов ҳам қатор халқаро форумларда иштирок этди. Унинг сўзларига кўра, мазкур тадбирлар икки давлат талабалари ва устозлари учун тажриба алмашиш, илмий ҳамкорлик ва маданий мулоқот майдонига айланди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Қозоғистон тиббиёти кунлари” нафақат илмий-амалий жиҳатдан, балки маънавий-маърифий ва дўстона руҳда ўтган муҳим халқаро тадбир бўлди. У келажакда тиббиёт соҳаси мутахассислари, олимлар ва талабалари учун билим, тажриба ҳамда инсоний қадриятлар алмашишда муҳим кўприк вазифасини ўтайди.
Тошкент давлат тиббиёт университети мезбонлик қилган мазкур анжуман, шубҳасиз, икки қардош давлат тиббий ҳамкорлиги тарихида муҳим саҳифа бўлиб қолади.
Зулхумор АКБАРОВА
Ҳамкорлик материали












