Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси фаолияти тубдан ўзгармоқда

    Кейинги 4 йилда ички ишлар органлари тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилди, тизим халқчил тузилмага айланди. Пировардида, фуқароларнинг ички ишлар ходимларига ишончи ортиб, ҳурмат билан қарайдиган бўляпти. Ислоҳотлар эса замон талабларига ҳамоҳанг давом этади.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 12 февраль куни Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига ташрифи чоғида бу ҳақда батафсил айтилди.

    Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари бош бошқарманинг ахборот мультимедиа маркази фаолияти билан танишиб, махсус техника ва воситаларни кўздан кечирди. Шу куни Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг шон-шараф музейи ҳам очилди. Жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликни жиловлаш ишларини бевосита маҳаллаларда ташкил этиш, профилактика инспекторларининг бу борадаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича янги тизим лойиҳаси тақдимот қилинди.

    Бугун бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасида бўлиб, бу ердаги шароитлар, амалий ишлар билан яқиндан танишди.

    Журналистларни Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Азиз Тошпўлатов кутиб олди ва тизимдаги ишлар ҳақида маълумот берди.

    Асосий мақсад фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларнинг олдини олиш. Шу маънода А.Тошпўлатовнинг маълум қилишича, ўтган йили Тошкент шаҳридаги 169 маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмаган. 72 маҳаллада эса аксинча, жиноятлар сони ошган.

    Таҳлиллар кейинги йилларда фирибгарлик ва ўғирлик билан боғлиқ жиноятлар сони ошганини кўрсатмоқда. Шунингдек, энг кўп жиноят келди-кетди кўп жойларда, бозорлар, умуман аҳоли гавжум ҳудудларда содир этилар экан.

    Масалан, Чилонзор туманининг “Бешқўрғон”, Бектемир туманининг “Нурафшон” маҳалласида ёки “Чилонзор” метросига яқин жойлашган маҳаллаларда жиноятлар нисбатан кўп кузатилади.

    Жиноятлар фош этишда шаҳар бўйлаб ўрнатилган видеокузатув камераларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида жами 92 мингта камера ишлаб турибди. Ҳозирча улар тарқоқ ҳолда ишламоқда. Яқин келажакда махсус бино қурилиб, уларни ягона тизимга бирлаштириш режалаштирилган.

    Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Чилонзор ва Учтепа туманига сектор раҳбари сифатида бириктирилган. Бундан ташқари, пойтахт туманларидаги 3-секторлар фаолияти ҳам назоратда.

    Азиз Тошпўлатовнинг айтишича, ҳар икки туманда ҳам аҳоли турмушини яхшилаш борасида қиладиган ишлар кўп. Биргина мисол, Чилонзор туманидаги “Дилобод” маҳалласида ободонлик ишлари орқада экан. Бу маҳалладан бир куннинг ўзида 82 машина ахлат олиб чиқиб кетилган. Иш ўринлари яратиш ҳам долзарб масала бўлиб турибди.

    Журналистлар Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига тегишли техникалар билан ҳам танишди, шон-шараф музейини томоша қилди.

    Музей мазмунли экспонантларга бой. Ички ишлар тизими ташкил топишидан, Қўқон хонлиги, Бухоро амирлигининг байроқлари, мустақиллигимизнинг илк йилларида Тошкентни “бўлиб олган” жиноий тўдалар тўқнашуви чоғида қўлга киритилган қуроллар, 1999 йил 16 февралда бир гуруҳ шахслар томонидан Тошкентнинг 5 та маъмурий биносидаги, 2004 йилдаги террорчилик ташкилотлари томонидан содир этилган портлашлар акс этган манзараларни кўриш ва бугунги осойишта ҳаётимизга шукрона айтиш мумкин.

    Журналистлар “Марказий ипподром” АЖда ҳам бўлиб, бу ерда тайёрланаётган хизмат отлари билан ҳам танишди.