Тошкент шаҳрида етакчилик ва волонтёрлик мавзусида мунозара клуби бўлиб ўтди

    Кейинги авлод 11 сентябр 2020 904

    Тошкент шаҳрида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва қатор ҳамкор ташкилотлар томонидан етакчилик ва волонтёрлик мавзусига бағишланган мунозара клуби ташкил этилди.

    Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат тузилмалари вакиллари, волонтёрлар гуруҳлари ва экспертлар очиқ мулоқот форматида волонтёрликни ривожлантиришнинг глобал тенденциялари, волонтёрлик ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга оид тизимли муаммолар ва ёндашувлар, пандемия даврида етакчилик ва волонтёрлик фаолиятини муҳокама қилдилар.

    Таъкидланганидек, бугунги кунда профессионал волонтёрлик ташкилотлари дунёнинг 80 мамлакатида мавжуд. Улар жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим таркибий қисмига айланмоқда. Коронавирус пандемияси шуни кўрсатдики, Ўзбекистонда ушбу институтдан ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожланиш учун фаол фойдаланиш мумкин. Мисол учун, волонтёрлар ёрдамга муҳтожларга, кексаларга турли ёрдамлар кўрсатишди, шу жумладан бепул психологик хизматларни йўлга қўйишди, фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишди, изоляция пайтида озиқ-овқат ва бошқа зарур буюмларни етказиб беришди. Волонтёрлик ёшларнинг жамият ҳаётига киришиб кетишларига, зарур кўникмалар ва иш тажрибаларни эгаллашга, малака оширишга, асосий қадриятлар ва мақсадларни шакллантиришга хизмат қилиши мумкин.

    2019 йил декабридан жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатлари йўлида фуқаролар, гуруҳлар ёки волонтёрлик ташкилотлари томонидан ихтиёрий фаолият юритиш учун ҳуқуқий асос яратган «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонун кучга кирди. Қонунда волонтёрлик фаолияти мақсадлари этиб жисмоний ва юридик шахсларга, умуман жамиятга ёрдам кўрсатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларда уларни ташкил этувчиларнинг розилиги билан иштирок этиш, жамиятда фуқаролик нуқтаи назарини, ўзини ўзи ташкил этиш, ижтимоий масъулият, бирдамлик, ўзаро ёрдам бериш ва раҳм-шафқат туйғуларини шакллантириш кабилар белгилаб қўйилган.

    Қонун билан волонтёрлик фаолияти соҳасини давлат томонидан тартибга солиш механизми ўрнатилган бўлиб, унга кўра волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уни мониторинг қилиш, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва тажриба алмашишга кўмаклашилади.

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан фуқароларнинг фуқаролик институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятидаги иштироки ҳолатини ўрганиш, уларнинг мамлакат ижтимоий ҳаётидаги иштирокининг турли шакллари ва даражасини аниқлаш бўйича ижтимоий тадқиқот ўтказди. Унинг натижалари ўтказилган тадбир давомида эълон қилинди. Сўровда республиканинг барча ҳудудларидан 700 нафардан зиёд фуқаролар ва ННТ фаоллари иштирок этди. Натижалар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият иштирокчиларда «нодавлат нотижорат ташкилоти» тушунчасининг моҳияти ҳақида умумий тасаввур мавжуд, аммо улар асосан тузилмавий фаолиятга эга ва бирозгина ўз ташаббуси билан фаолият юритувчи ННТлардан хабардор. Фуқаролар жамоат ишларининг аҳамиятини турлича тушунадилар. Аммо кўпроқ бу бошқаларга фойда келтиради ва мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида иштирок этиш имкониятидир, деган фикр кўпроқ учрайди. Кутилганидек, респондентларнинг аксарият қисми жамоат ишларида (ҳашарларда, ободонлаштириш ишларида ва бошқаларда) фаол иштирок этишмоқда ва озроқ қисми нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида қатнашишади.

    Фуқаролар ҳаётидаги жамоат ташкилотларининг ўрни тўғрисидаги саволга фикрлар тенг иккига бўлинди. Бир қисмида нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли муҳимлиги қайд этилган бўлса, иккинчисида уларнинг ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги аҳамияти йўқлиги айтилган. Шунга қарамай, респондентларнинг аксарияти ҳар қандай жамоат бирлашмалари ёки нотижорат ташкилотлари фаолиятида фаол иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар. Аммо фуқаролар жамоат ташкилотлари фаолияти тўғрисида хабардор эмаслиги ва рағбатлантирилмаслиги, шу жумладан моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланмаслиги тўсқинлик қилмоқда.

    Тадбир доирасида Ўзбекистон волонтёрлари ва ташаббускор гуруҳлари фаолияти, улар томонидан уюштирилган акциялар, пандемия пайтида кўнгилли психологларнинг фаолияти, шунингдек, волонтёрлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларини бирлаштирувчи махсус платформа - unions.uz веб-сайти тақдимоти бўлиб ўтди.

    Муҳокама натижаларига кўра, кўнгиллилар фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уни тизимлаштириш бўйича мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда кўнгиллиларни ривожлантиришнинг мақсадли дастурини самарали амалга ошириш бўйича тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқилди.

    Тадбир Интернет тармоғи орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди ва унда республика ҳудудлари ҳамда Марказий Осиё давлатларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этишди.
    Маълумот учун: Тадбир «Тараққиёт тарихи: ичкаридан назар» XI халқаро конференцияси доирасида ташкил этилди. Конференциянинг бу йилги мавзуси этиб «Етакчилик ва волонтёрлик – ривожланиш омили» белгиланди. 2020 йил 7 сентябрдан 14 сентябргача Марказий Осиёнинг 80 дан ортиқ фуқаролик жамияти вакиллари турли мавзуларга оид сессияларда эксперт сифатида қатнашмоқдалар. Тадбир Қозоғистоннинг АРГО ташкилоти билан ҳамкорликда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) молиявий кўмагида амалга оширилди.

    «Юксалиш» умуммиллий

    ҳаракати матбуот хизмати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates