Генетик касалликларга қарши кураш масаласи муҳокама этилди

    Саломатлик 25 ноябр 2022 2259

    Тошкент шаҳрида «Генетик касалликларни ташхислаш ва даволашда замонавий технологиялар» мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.

    Анжуманда Франция, Сербия, Туркия, Грузия, Озарбайжон, Украина, Россия, Қозоғистон, Беларус каби давлатлардан етакчи генетик олимлар, нейрогенетиклар, неврологлар, педиатрлар маърузалари билан иштирок этди.

    ЖССТ маълумотларига кўра, дунёда генетик касалликлар 1 000 нафар аҳоли сонига нисбатан 3,0-3,5 нафарни ташкил этади. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 2,5 нафарга тўғри келаётгани бу масаланинг биз учун ҳам нақадар долзарблигини кўрсатади.

    Тадбирда юртимизда кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

    Бу борадаги ишлар самарадорлигини таъминлаш механизмларини муҳокама қилиш анжуманнинг асосий вазифаси этиб белгиланди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.