Ўтказилган назорат тадбирлари давомида ижтимоий тармоқлардаги мурожаатда акс этган Чирчиқ шаҳри 4-кичик ноҳия ҳудудида ноқонуний дарахт кесган фуқаро Б.Р ҳамда уни юклаб олиб чиқиб кетаётган юк автомобиль ҳайдовчи М.А дан белгиланган тартибда тушунтириш хатлари олинган ҳамда транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.
Ҳуқуқбузарлар “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида“ги Қонун талабларини бузганлиги сабабли Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида“ги 2022 йил 22 августдаги 464-сонли қарорининг 4-иловасига асосан ҳисоб-китоб қилинганда ўсимлик дунёсига 490 500 000 (тўрт юз тўқсон миллион беш юз минг) сўм зарар етказилганлиги аниқланган.
Ҳозирда ҳуқуқбузарлар ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши учун жорий йилнинг 24 апрель куни тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига юборилган.








