Тошкент вилоятида “Мис кластери” ташкил этилмоқда

    “Мис кластери”нинг умумий қиймати 118 миллион доллар бўлиб, 9 та янги лойиҳа доирасида йиллик қуввати 54 минг тонна мисни қайта ишлаш имконияти яратилади.

    Маълумотларга кўра, глобал яшил иқтисодиётнинг жадал ривожланиши, қайта тикланадиган энергия манбалари ва электромобиллар ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши туфайли 2030 йилга келиб, жаҳонда мисга бўлган талаб 40 фоизга ўсиши кутилмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 июндаги “Мис ва ноёб металлар хомашёсини қайта ишлашнинг технология занжирларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини юзасидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида “Мис кластери” ташкил этилмоқда.

    Шу мақсадда вилоят ҳокимининг қарори асосида “Ohangaron Tech Industrial” технопаркини бошқариш дирекцияси” давлат унитар корхонаси ташкил этилиб, мазкур кластер учун қишлоқ хўжалиги ерларидан 138 гектар ер майдони ажратилди.

    Мис ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида янги ташкил этилаётган “Мис кластери”нинг умумий қиймати 118 миллион доллар бўлиб, 9 та янги лойиҳа доирасида йиллик қуввати 54 минг тонна мисни қайта ишлаш имконияти яратилади.

    Мис қувурларини ишлаб чиқариш, турли хилдаги кабель маҳсулотлари, SIM ва банк карталари, электроника маҳсулотлари каби бошқа турдаги кўплаб маҳсулотлар шулар жумласидандир.

    Экспорт ҳажми 200 миллион долларни ташкил этиб,1000 га яқин иш ўрни яратилиши кутилмоқда.