Тошкент вилоятида янги қурилган иссиқлик электр станцияси қувват узатишни бошлади

    Энергетика 14 январ 2022 1070

    Тошкент вилоятидаги қуввати 240 мвт бўлган янги иссиқлик электр станцияси республикамизнинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлади.

    Аввал хабар қилганимиздек, Туркиянинг «Aksa Enerji» компанияси томонидан Тошкент вилоятининг Қибрай туманида қурилган, қуввати 240 МВт бўлган буғ-газ электр станциясининг очиқ тақсимлаш қурилмасига илк кучланиш берилган эди.

    Мазкур электр станция бугун, 2022 йил 14 январь соат 11:15 да Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлади.

    Ушбу иссиқлик электр станцияси йилига 2,0 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

    Қурилмаларнинг фойдали иш коэфициенти юқорилиги ҳисобига, йилига 290 миллион метр куб табиий газ тежалади. Тежалган табиий газ ҳисобига қўшимча 1 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имкони яратилади.

    Умумий қиймати 150 миллион долларга тенг бўлган мазкур лойиҳа Туркиянинг «Aksa Enerji» компанияси томонидан тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига амалга оширилди.

    Эслатиб ўтамиз, мазкур электр станция «Aksa Enerji» компанияси томонидан республикамизда ишга туширилган иккинчи ИЭС хисобланиб, биринчиси жорий йилнинг 11 январда Бухоро вилоятида (қуввати 270 МВт) , деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.