Тошкент вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича ўрганишлар натижаси таҳлил қилинди

    Мамлакатимизда 6 октябр 2020 601

    Тошкент вилоятида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борган мажлисда вилоятни комплекс ривожлантириш борасида ўтказилган ўрганиш якунлари кўриб чиқилди.

    Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 26 триллион 506,3 миллиард сўмга тенг бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 101,5 фоизга ошган.

    Ялпи ҳудудий маҳсулот таркибида саноатнинг улуши 47,2 фоиз, қишлоқ хўжалигининг улуши 23,9 фоиз, қурилиш соҳасининг улуши 5,1 фоиз, хизматлар улуши эса 23,8 фоизни ташкил этган.

    Ўрганиш давомида ушбу йўналишларда амалга оширилган ишлар билан бирга айрим тизимли хато ва камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди.

    Жумладан, Президентимиз томонидан қабул қилинган 655 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги 4 минг 155 та топшириқдан 41 таси ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган.

    Давлатимиз раҳбарининг ҳудудга ташрифлари доирасида амалга оширилиши белгиланган 30 та инвестиция келишуви ижроси ўрганилганда, қиймати 622,4 миллион долларлик 14 та келишув ижроси тўхтаб қолгани, 339,3 миллион долларлик 7 та келишув ижроси муддатидан кечиккани, 450 миллион долларлик 5 та лойиҳа эса умуман бошланмагани аён бўлди.

    Шунингдек, инвестиция дастурлари доирасида амалга оширилиши лозим бўлган 909 та лойиҳадан 233 тасининг ижроси ортда қолмоқда.

    Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш 2019 йилда 67,7 фоиз, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида 56 фоиз кўрсатилган бўлсада, ўрганиш натижасида ушбу кўрсаткич мос равишда 48,6 ва 51 фоизни ташкил этган. Ҳисоботларда қўшиб ёзиш ҳисобига ошириб кўрсатиш ҳолатларига йўл қўйилиши оқибатида маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилган, ўхшаш маҳсулотлар импорт қилинган.

    Қайд этилганидек, иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмасини бажаришда ҳам муайян камчиликлар мавжуд.

    Хусусан, давлат буюртмасидаги 7 та йўналиш бўйича белгиланган кўрсаткич 108 фоизга бажарилган бўлсада, 2 та йўналишда 5 минг 439 та иш ўрни яратилиши таъминланмаган. Танлов асосида 2019 йилда ҳақиқатда яратилмаган иш ўринлари ҳудудлар ва йўналишлар кесимида ўрганилганда, уларнинг сони ҳисоботларда кўрсатилганга нисбатан 797 тага кўпни ташкил қилган.

    Мажлисда шу ва бошқа камчиликларнинг сабаблари таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

    Муҳокама этилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates