Йиғилишда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркия ва Туркманистон Республикалари, Покистон ва Эрон Ислом Республикалари, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Бош прокурорлари ҳамда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг Бош прокурорлари мувофиқлаштирувчи кенгашининг Ижрочи котиби иштирок этдилар.
Йиғилиш бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг йиғилиш қатнашчиларига йўллаган самимий мурожаати ўқиб эшиттирилди.
Тадбирда иштирокчилар назорат органлари ўртасида тажриба алмашиш ва кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида мунтазам равишда йиғилишларни ўтказишнинг алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлашди.
Шунингдек, ИҲТга аъзо давлатлар Бош прокуратуралари делегацияларининг йиғилиши доирасида суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларида прокуратура органлари томонидан қонунчиликни таъминлашдаги долзарб вазифалар, шунингдек, кибержиноятларга қарши курашиш, коррупциянинг олдини олиш борасида прокуратура органлари фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича тажриба алмашилди.
Тадбир якунига кўра, иштирокчилар жиноятчиликка қарши курашиш, шу жумладан, ИҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари ўртасида кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш орқали бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада бирлаштириш зарурлигини таъкидладилар.
Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Бош прокурорларининг 6-йиғилиши Баённомаси қабул қилинди.








