Тошкентда Ўзбекистон-Саудия Арабистони бизнес-форуми бўлиб ўтди

    Бизнес 23 декабр 2022 789

    Жорий йил 23 декабрда Саудия Арабистони Подшоҳлиги делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон-Саудия Арабистони бизнес-форуми бўлиб ўтди.

    Hilton Tashkent City меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Инвестициялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, Саудия Арабистони Подшоҳлиги инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ, икки мамлакатнинг вазирлик ва идоралари ҳамда 100 дан ортиқ етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

    Форумнинг очилиш маросимида таъкидланишича, жорий йил январь-ноябрь ойларида икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 баробарга ошди.

    Инвестициявий ҳамкорликда ҳам ижобий ўсиш динамикаси кузатиляпти – сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда Саудия Арабистони капитали иштирокидаги компаниялар сони 5 баробарга ошди. Саудия компаниялари билан биргаликда энергетика, нефть-кимё, соғлиқни сақлаш, инфратузилмани ривожлантириш, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қиймати 17 миллиард доллардан ортиқ лойиҳалар амалга ошириляпти.

    Ўзбекистонда иқтисодиётдаги давлат улушини қисқартириш ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш, банкларни трансформациялаш, самарали фонд бозорини шакллантириш, устувор тармоқларда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ислоҳотларни давом эттиришга қатъий содиқлик билдирилди.

    – Ўзбекистон ва Саудия Арабистони бой табиий ресурсларга, улкан саноат салоҳиятига эга. Биз Ўзбекистонда ҳам, Саудия Арабистонида ҳам юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшма корхоналарни ташкил этишни режалаштиряпмиз, улар келгусида аҳолисининг умумий сони 1,4 миллиарддан кўпроқ потенциал истеъмолчиси бўлган минтақавий ва Европа бозорларига, шунингдек, Катта Араб эркин савдо ҳудуди мамлакатларига экспорт қилинади, – деди Жамшид Ходжаев ўз нутқида.

    Ўз навбатида Саудия томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг суръати ва самарадорлигини, икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни тубдан кенгайтириш имкониятларини юқори баҳолади. Саудия Арабистони инвестициялар вазири икки давлат ўртасидаги сармоявий ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича амалий чора-тадбирларни амалга ошириш содиқлигини билдирди ва Саудия Арабистони тадбиркорларини ўзаро манфаатли шартнома ва битимлар тузишга чақирди.

    Нефть-газ ва нефть-кимё, машинасозлик, электротехника, озиқ-овқат, тўқимачилик, чарм-пойабзал, ипакчилик, инфратузилма қурилиши ва туризм каби соҳалардаги Инвестицион ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб берилди. «B2B» ва «G2B» музокараларида ишбилармон доиралар алоқаларни ўрнатди.

    Форум якунлари бўйича устувор тармоқларни ўз ичига олган ҳужжатлар тўплами имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates