Тошкентда ШҲТ II-Иқтисодий форуми бўлиб ўтади

    Халқаро ҳамкорлик 10 август 2022 1725

    Жорий йил 16-17 август кунлари Ўзбекистон Республикасининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига Раислик қилиши доирасида Тошкент шаҳрида II-Иқтисодий форум ўтказилади.

    Биринчи марта 2021 йил июнь ойида Душанбе (Тожикистон) шаҳрида бўлиб ўтган Форум ўзини Ташкилот ичидаги муносабатларни ривожлантириш ва янада мустаҳкамлашга хизмат қилувчи самарали мулоқот платформаси сифатида намоён этди.

    Тадбирнинг асосий мақсади томонларнинг эътиборини ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш муаммолари ва истиқболларига қаратиш, ШҲТ маконидаги алоқаларни кенгайтириш бўйича самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборат.

    Ялпи мажлис, панель мунозаралари, икки томонлама учрашувлар, B2B музокаралардан иборат бўлган Форумнинг тадбирларга бой кун тартиби рақамли иқтисодиёт, «яшил» технологиялар, ҳудудлараро ҳамкорлик, инвестициявий, саноат ҳамкорлигини кенгайтириш ва ўзаро муносабатларнинг бошқа устувор йўналишларининг салоҳиятини очиб беришга мўлжалланган.

    ШҲТ Иқтисодий форуми нафақат ҳукуматлараро мулоқотни йўлга қўйиш, балки ишбилармон доиралар, корхоналар вакилларининг ўзаро ҳамкорлигини ўрнатиш ҳамда ШҲТ макони ҳудудларига инвесторларни жалб этиш учун самарали платформага айланиши кутиляпти, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.