Тошкентда “Tumo" креатив технологиялар маркази очилади

    Шу кунларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг таклифига биноан  “TUMO” креатив технологиялар маркази делегацияси Ўзбекистонда меҳмон бўлиб турибди.

    Ташриф доирасида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиш, Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-PARK) дирекцияси ҳамда банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти билан танишиш режалаштирилган. Ташриф якуни бўйича Тошкент шаҳрида “TUMO” марказини ишга тушириш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда “TUMO” креатив технологиялар маркази ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш келишувига эришилди.

    Шу муносабат билан пойтахтимизда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов, “TUMO” креатив технологиялар марказининг Еревандаги вакиллари – франшиза бўйича директор С.Хескок ва архитектура департаменти раҳбари Ш.Симоньян сўзга чиқиб, “TUMO” фаолияти, мақсад ва вазифалари тўғрисида тақдимот ўтказди. Меҳмонларга Ўзбекистон ёшларининг ахборот технологиялари соҳасидаги салоҳиятини юзага чиқариш стратегиялари ҳақида сўзлаб берилди.

    Мазкур ташаббус давлатимиз раҳбарининг жорий йил январь ойида Юнусобод туманига ташрифи давомида берган топшириғи ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилмоқда. Ушбу ташриф чоғида етакчи халқаро компаниялар талаби ва стандартларига мувофиқ, ахборот технологиялари соҳасида ёшларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига Юнусобод машинасозлар коллежи базасида ахборот технологиялари бозорида талаб юқори бўлган касбларга ҳар йили 1200 нафардан ортиқ ёшларни ўқитадиган ва кейинчалик уларни ишга жойлаштиришга ихтисослашган “TUMO” креатив технологиялар марказини очиш топширилган эди.

    “TUMO” маркази креатив технологиялар соҳасида ёшларни амалий фаолиятга тайёрлайдиган инновацион таълим платформаси ҳисобланади. Ихтисослашган курслар, маъруза ва тадбирлар талабаларга ўз билим ва кўникмаларини кундалик ҳаётда қўллаш имкониятини беради. Марказнинг асосий мақсади ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва IT соҳасидаги ижодий салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш саналади.

    Марказга 2011 йил Ереванда, Арманистонда асос солинган. Арманистондан ташқари “TUMO” марказлари Париж, Байрут, Москва, Тирана ва Берлинда ҳам фаолият юритади. Ёшларни ўқитиш бугунги глобал меҳнат бозорида талаб юқори бўлган график дизайн, 3D моделлаштириш, дастурлаш, робототехника, веб-дастурлаш, кино ишлаб чиқариш сингари 14 та йўналиш бўйича амалга оширилади.

    Баҳор ХИДИРОВА

    “Янги Ўзбекистон” мухбири