Трансформация қандай манфаат келтиради?

    Ўзбекистон тарихида биринчи марта “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятига жаҳоннинг етакчи халқаро банкларидан 5 йил муддатга гаровсиз узоқ муддатли синдикациялашган кредит жалб этилди. Битимнинг умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

    Бугун давр шиддат билан ўзгармоқда. Кўплаб соҳаларда тараққиёт шу қадар тезлашиб кетмоқдаки, ундан ортда қолмаслик учун нима қилиш керак деган саволга жавоб топишни замоннинг ўзи кўрсатмоқда. Жаҳондаги қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, инновацион технологиялар ва бошқарувнинг янги тизимларини жорий этиш бўйича кўплаб чора-тадбирларни амалга оширишмоқда. Содда қилиб айтганда, соҳада кескин рақобат йил сайин кучайиб бормоқда.

    ЯНГИЛАНАЁТГАН КОМБИНАТ

    Янги Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда. Кейинги йилларда Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бунинг ёрқин далилидир. Негаки, мамлакат ижтимоий ҳаётида содир бўлаётган янгиланиш ва ўзгаришлар замирида иқтисодиётни ривожлантириш асосида халқнинг турмуш фаровонлигини ошириш, одамларнинг ҳаётидан рози бўлишини таъминлашдек юксак мақсадлар мужассам. Бугунги давр, яъни дунёда бўлаётган ўзгаришлар, глобаллашув жараёнлари барчамиздан ҳар қандай қийинчиликларга қарамасдан олдимизга қўйилган масъулиятли вазифаларни ўз вақтида бажариш йўлида фидойилик кўрсатишни тақоза этмоқда.

    Маълумки, Навоий кон-металлургия комбинати замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган корхоналари, илмий салоҳияти юқори бўлган кадрларига эга йирик ишлаб чиқариш мажмуасидир. Шу билан бирга, унинг олтин ишлаб чиқарувчи дунёдаги йирик компаниялардан ажралиб турадиган жиҳати шундаки, комбинат қазилма бойликларни геологик қидириш, қазиб олиш, қайта ишлаб, рақобатбардош ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган технологик занжирга боғланган улкан саноат кластерига айланган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган сифати 999.9 бўлган олтин қуймалар Ўзбекистон бренди сифатида жаҳон қимматбаҳо металлар бозорида ўз ўрнига эга эканлигини намоён этади.

    Комбинат йил сайин ишлаб чиқариш қувватларини ошириб бормоқда. Кейинги икки йилда замонавий технологияларга асосланган, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган 5- ва 7-гидрометаллургия заводлари ишга туширилди. Шунингдек, кон-металлургия соҳасида олтинни қайта ишлайдиган энг йирик корхона — мамлакатимиз фахри бўлган 2-гидрометаллургия заводида йилига 12 миллион тонна маъданни қайта ишлайдиган “Б” корпуси фойдаланишга топширилди. Натижада ишлаб чиқариладиган маҳсулот хажми ошиб, минглаб янги иш ўринлари яратилди. Албатта, бу ютуқлар ўзимизники. Аммо, дунё бозоридаги кучли рақобат барчамизни янгича фикрлаш ва ишлашга ҳамда бошқарувнинг замонавий тизимларига ўтишни талаб этмоқда.

    БОШҚАРУВНИНГ ЯНГИ ТИЗИМИ

    Мамлакатимизнинг барча соҳаларида бошланган ислоҳотлар кон-металлургия саноатининг энг йирик корхонаси бўлган комбинатда ҳам ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Уни янада ривожлантириш, замонавий корпоратив бошқарув тизимини жорий қилиш, рақобатбардошликни ошириш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва энг асосийси, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида Президентимизнинг ва Ҳукуматнинг қатор қарорлари қабул қилинди. Натижада, “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси мулки негизида қимматбаҳо металлар қазиб олувчи “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти, табиий уран ва нодир металларни қазиб олиш бўйича “Навоийуран” давлат корхонаси ҳамда ижтимоий соҳа объектларини мужассамлаштирган “Навоий кон-металлургия комбинати жамғармаси” давлат муассасаси ташкил этилди.

    Янги бошқарув тизимига ўтиш ўз-ўзидан бўлмайди. Бунда, албатта, қонунчилик талаблари билан жаҳон стандарти мезонларига жавоб берадиган компания бўлиши керак. Мазкур жараёнда қуйидаги асосий ишлар амалга оширилди. Жумладан, хорижий инвесторлар талабларига мувофиқ халқаро аудиторлик компанияси иштирокида Глобал ташаббускорлик ҳисоботи (GRI) стандартларига асосан барқарор ривожланиш ҳисоботи (ESG) тайёрланди. Молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида юритиш бўйича халқаро консалтинг компаниясини жалб қилган ҳолда, “НКМК” АЖ фаолияти учун молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари (МҲХС) талабларига мос ҳисоб сиёсати ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 30 май куни комбинат тарихида илк маротаба 2021 йил учун молиявий ҳисоботларнинг тўлиқ мажмуаси Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ тайёрланди. Ҳисобот “Делойт ва Туш” халқаро аудит компанияси томонидан аудитдан ўтказилди ва ижобий хулоса олинди. Бу эса, ўз навбатида, рақобатбордошлик сари қўйилган яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди.

    Шу билан бирга, 2020 йилдан бошлаб комбинатнинг инвестиция дастурини молиялаштириш хорижий банкларнинг тўғридан-тўғри кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси билан биргаликда НКМК балансидаги қимматбаҳо металлар заҳираларни Австралия кодекси JORC Code стандартлари талаблари асосида қайта баҳолаш ишлари олиб юориляпти ва ҳозирга келиб 90 фоиз захиралар янги мезонларга ўтказилди.

    Мутахассисларимиз томонидан халқаро экспертлар ва етакчи консалтинг компаниялари билан ҳамкорликда замонавий усулларга мос равишда “НКМК” АЖнинг тубдан янгича корпоратив тузилмаси ишлаб чиқилди ва жорий қилинди. Худди шундай асосда акциядорлик жамиятининг кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида тажрибали мутахассислар раҳбарлик лавозимларига жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, молиявий, ресурслар бўйича ва трансформация бўйича директорлар, шунингдек, инсон ресурсларини ривожлантириш бўлими бошлиғи лавозимларига кон-металлургия саноати соҳасидаги етакчи компанияларда меҳнат қилган ходимлар танлаб олинди. Бу йўналишда олиб борилаётган ишлар комбинат фаолиятига оид очиқ маълумотлар расмий веб-сайтга жойлаштириб борилмоқда.

    Акциядорлик жамиятида трансформация жараёни бўйича ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида қуйидаги устувор вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинди:

    биринчидан, комбинатнинг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун молиялаштириш манбаларини кенгайтириш ва диверсификация қилиш, шу жумладан, халқаро молия институтларининг кредит маблағларини жалб қилиш бўйича етакчи хорижий банклар билан фаол музокаралар олиб бориш;

    иккинчидан, Буюк Британия компанияси билан ҳамкорликда харидлар ва бошқарув тизимларини аудитдан ўтказишни таъминлаш, харидлар соҳасида замонавий халқаро амалиёт тамойилларини жорий қилиш, илғор халқаро тажрибага асосланган мазкур тизимнинг концепциясини ишлаб чиқиш, унинг шаффоф режалаштирилишини таъминлаш, кенгайтирилган бошқарув ҳисобдорлигини шакллантириш;

    учинчидан, комбинатда бизнес-жараёнларни оптималлаштириш лойиҳаси доирасида “1С ERP: Холдингни бошқариш” бухгалтерия ва молиявий ҳисоботларни юритиш электрон тизимини тўлиқ жорий қилиш;

    тўртинчидан, кадрлар сиёсатини янада такомиллаштириш йўналишларини ишлаб чиқиш, ҳамкор компаниялар билан биргаликда фаолият йўналишлари бўйича самарадорликнинг муҳим кўрсаткичлари (KPI) тизими ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг янги тизимини татбиқ этиш:

    бешинчидан, келгусида қўшимча молиявий маблағларни жалб қилиш мақсадида акциядорлик жамиятининг корпоратив еврооблигацияларини муомалага чиқариш ҳамда акцияларни бирламчи оммавий таклиф (IPO) асосида жойлаштириш бўйича дастлабки тадбирларни амалга ошириш кабилардир.

    ДАСТЛАБКИ НАТИЖАЛАР НИМАНИ КЎРСАТМОҚДА?

    Комбинатнинг акциядорлик жамият сифатида иш бошлаганига ярим йил бўлганига қарамй, эришган натижаларимиз салмоқли. Жорий йилнинг олти ойида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 29,0 триллион сўмни ташкил этиб, прогноз кўрсаткичи 102,4 фоизга бажарилди. Ўсиш суръати ўтган йилниг мос даврига нисбатан 107,4 фоиз бўлиши таъминланди. Маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар ижроси натижасида 500 миллиард сўмга яқин маблағ иқтисод қилиниб, таннарх 5,8 фоизга пасайтирилди ва бюджетга тўловлар сезиларли ошди.

    Бундай натижаларга қандай эришилмоқда? Бу, муҳтарам Президентимизнинг комбинатни замонавий корхонага айлантириш борасидаги катта эътибори ҳамда ишлаб чиқаришга жорий этилаётган янги техника ва технологияларнинг самараси десак, айни ҳақиқатдир.

    Яна бир муҳим жиҳат, мамлакатимиздаги макроиқтисодий барқарорлик таъминланмоқда. Табиий ресурсларнинг улкан захираси ва малакали ишчи кучининг мавжудлиги бунинг асосий омиллари ҳисобланади. Кейинги йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар бошқа соҳалар қаторида кон-металлургия корхоналарига ҳам йўналтирилмоқда. Чунки, жаҳоннинг кўплаб етакчи молиявий компаниялари бу соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ва унинг ривожланиш истиқболларига ишонч билан қарамоқда.

    Бу эса халқаро молиявий ташкилотларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни йўналтиришга асос бўлмоқда.

    Ўзбекистон тарихида биринчи марта “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамиятига жаҳоннинг етакчи халқаро банкларидан 5 йил муддатга гаровсиз узоқ муддатли синдикациялашган кредит жалб этилди. Битимнинг умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Маблағларни тақдим этишда JP Morgan&Chase, Citi, Societe Generale, Credit Suisse, ICBC Standard, Halyk Bank ва Deutsche Bank каби молиявий муассасалар иштирок этмоқда. Мазкур сармоялар компаниянинг умумий корпоратив мақсадлари ҳамда инвестиция дастурини молиялаштириш учун йўналтирилади.

    Бу “НКМК” АЖ учун халқаро молия бозорлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган дастлабки қадам бўлиб, компанияни келажакда евробонд жойлаштиришга ва IPO га тайёрлайди.

    Жамиятимизнинг трансформацияси компаниянинг мамлакатимиз олтин қазиб олиш саноатидаги мавқеини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Биз барча жараёнларни Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) ва Цианидни бошқариш бўйича халқаро Кодекс (International Cyanide Management Code) томонидан ишлаб чиқилган масъулиятли олтин қазиб олиш (Responsible Gold Mining Principles) тамойиллари асосида йўлга қўйиш орқали “НКМК” АЖни трансформация қилиш ва олтин ишлаб чиқариш бўйича глобал етакчига айлантиришнинг янги ва муҳим босқичи сифатида қараймиз.

    Мазкур кредитнинг ажратилиши, биринчи навбатда, хорижий инвесторларнинг республикамиз иқтисодиётининг барқарорлигига катта ишонч ҳамда комбинатни жаҳонда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарувчи замонавий корхона сифатида қараётганлигидан далолат беради.

    Бугун Ўзбекистон давлатимиз раҳбари бошчилигида янги тараққиёт йўлида дадил қадамлар билан бормоқда. Юртимизни ривожланган давлатлар қаторида кўришдек улуғвор мақсад турибди. Бу мақсадни рўёбга чиқариш йўлида комбинат жамоаси ҳам ўзининг малакали мутахассис ва тажрибали муҳандисларининг тинимсиз меҳнати ва юқори иқтисодий кўрсаткичлари билан муносиб ҳисса қўшади.

    Қувондиқ САНАҚУЛОВ,

    “Навоий кон-металлургия комбинати”

    акциядорлик жамияти Бошқарув раиси Бош директори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates