Циркуляр иқтисодиёт афзалликлари нимада?

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари ёпиқ циклли (циркуляр) иқтисодиётни ривожлантиришнинг афзалликлари ва дунё мамлакатларининг бу борадаги тажрибасини таҳлил қилди.

    Сўнгги йилларда дунёдаги кўплаб мамлакатлар ёпиқ циклли (циркуляр) иқтисодиёт экологик муаммоларни ҳал қилишнинг асосий чораси, деб ҳисобламоқда. Чунки у атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш билан бир қаторда, ресурсларни тежаш, биологик хилма-хилликни асраш, ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг барқарор моделларини яратиш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, ушбу йўналишларда инновацияларни татбиқ этиш, бизнесни ривожлантириш ва қўшимча иш ўринларини яратиш имконини беради.

    Бу бежиз эмас. Сабаби бутун дунёда чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш суръати йил сайин ошиб бормоқда. 2020 йилда дунёда жами 2,24 миллиард тонна қаттиқ чиқинди ҳосил бўлган. Унинг атиги 17 фоизи қайта ишланган. 2050 йилга борганда, аҳолининг тез суръатлар билан ўсиши ва урбанизация туфайли йиллик чиқиндиларнинг вужудга келиши 2020 йилдагига қараганда 73 фоизга ошиб, 3,88 миллиард тоннага етиши кутилмоқда.

    Шу боис дунёдаги қатор мамлакатлар қаттиқ маиший чиқиндиларнинг ҳосил бўлишини камайтириш ва маҳсулотлардан такроран фойдаланиш ёки уларни қайта ишлаш учун зарур чора-тадбирларни кўрмоқда. Масалан, Нидерландия 2030 йилга бориб ресурслардан фойдаланишни 50 фоизга камайтириш ва 2050 йилга бориб чиқиндиларсиз ёпиқ циклли иқтисодиётга тўлиқ ўтишни мақсад қилган. Францияда эса 100 фоиз ёпиқ циклли иқтисодиётга ўтишга оид 50 та чора-тадбирни ўз ичига олган Ёпиқ циклли иқтисодиётнинг йўл харитаси ишлаб чиқилган.

    Ўзбекистон ҳам мамлакатда ёпиқ циклли иқтисодиётни татбиқ этиш ва ривожлантиришга ҳаракат қилаяпти. 2019 йилда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратишни назарда тутувчи “2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси” тасдиқланган. Стратегияда ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг камида 60 фоизини қайта ишлашни таъминлаш, ўзига хос хусусиятга эга қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини 25 фоизгача ошириш ва чиқинди полигонларида кўмиб юбориладиган қаттиқ маиший чиқиндилар ҳажмини 60 фоизгача камайтириш каби мақсадли кўрсаткичларга эришиш кўзда тутилган.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти матбуот хизмати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates