Тошкент тиббиёт академияси офтальмология кафедраси мудири, профессор Эркин Билолов ҳамда академия кўп тармоқли клиникаси жарроҳлик ишлари бўйича бош шифокор ўринбосари Баҳриддин Каримбердиев ташаббуси билан Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги “Мурувват уйи”да истиқомат қилувчи бир гуруҳ қариялар учун хайрия тадбири ташкил этилди.
Хайрия акцияси давомида кафедра ходимлари саъй-ҳаракати билан биринчи босқичда кўзида шикояти бўлган 20 нафар фахрий тўлиқ офтальмологик текширувлардан ўтказилиб, 14 нафарига жарроҳлик амалиёти тавсия этилган бўлса, 6 нафарига консерватив даволаниш чора-тадбирлари зарурлиги аниқланди.
Иккинчи босқичда ордер асосида уларнинг сифатли ва тўлақонли тиббий даволаниши учун керакли барча ҳужжат йиғилиб, тегишли ташкилотларга юборилди. Ушбу “Мурувват уйи”да яшовчи 250 га яқин отахон ва онахонни офтальмологик скринингдан йил охиригача босқичма-босқич ўтказиш режалаштирилган. Текширувлар доирасида офтальмологик тиббий ёрдамга муҳтож қатламни ажратиб олиб, уларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш асосий мақсад сифатида белгилаб олинган.