Тупроқшуносликнинг замонавий ва инновацион илми яратилади

    Ҳудудларда мобиль лабораториялар тармоғини ташкил этиб, тупроқларнинг ҳолатини диагностика қилиш ҳамда унумдорлигини ошириш бажарилиши зарур бўлган вазифалардан ҳисобланади.

    Бугунги кунда мамлакатимиз халқ хўжалигининг турли соҳалари, жумладан, тупроқшунослик соҳаси ривожини янги инновацион йўналишлар, ишланмаларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

    Тупроқшунослик соҳасида инновацион ечимларнинг қўлланилиши, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги тармоғининг асосий бўғини бўлган тупроқлардан самарали фойдаланиш, унумдорлигини сақлаш ва ошириш, уларни соғломлаштириш, қишлоқ хўжалиги ер эгаларига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга қаратилган. Президентимизнинг 1 апрел куни қабул қилган “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида ҳам ушбу йўналишга алоҳида эътибор қаратилди.

    Унда Инновацион ривожланиш вазирлигининг 2021-2022 йиллардаги устувор фаолият йўналишларидан бири этиб тупроқ унумдорлигини ошириш соҳасида тупроқларнинг агрокимёвий, кимёвий, физик-кимёвий ҳамда экологик-мелиоратив ҳолатини комплекс мониторинг қилиш тизими, ресурстежамкор суғориш ва ўғитлантириш агротехнологияларини яратиш бўйича илмий-амалий тавсиялар беришнинг белгиланиши соҳада ҳал этилиши лозим бўлган масалалар борлигини кўрсатади. Бунда ҳудудларда мобиль лабораториялар тармоғини ташкил этиб, тупроқларнинг ҳолатини диагностика қилиш ҳамда унумдорлигини ошириш айниқса, бажарилиши зарур бўлган вазифалардан ҳисобланади.

    Охирги йилларда тупроқ унумдорлигини сақлаш, ошириш ва уларни муҳофаза қилиш борасида Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институтида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жаҳондаги асосий экологик муаммолардан бўлган глобал иқлим ўзгариши шароити ҳамда саҳроланиш натижасида Орол денгизининг қуриши оқибатида юртимизнинг жанубий ҳудудларида юзага келган нохуш шароитларни ўрганиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш борасида тадқиқотлар олиб борилди. Бу изланишлар самарасида иқлим ўзгариши ва денгиз қуришининг атроф-муҳитга етказаётган салбий таъсирини камайтириш, шунингдек, биотизимларнинг адаптация жараёнларини муайянлаштириш, Орол бўйи тупроқ ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга илмий асос яратилди.

    Аммо соҳада муаммолар ҳам етарли. Улардан бири республикадаги тупроқларнинг шўрланиши бўлиб, ҳозирги кунга келиб мамлакатимизнинг деярли 47 фоиз майдони турли даражада шўрланишга учраган. Бундай тупроқларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида институт олимлари томонидан амалга оширилган бир қатор ишлар натижасида Сирдарё вилояти бўз-ўтлоқи ва ўтлоқи тупроқларининг “Тупроқ шўрланиши картограммаси” тузилди. Ушбу картограммалар билан бирга тупроқ-географик хамда тупроқ-мелиоратив районлаштириш маълумотлари қайта таҳлил қилинди. Улар асосида республиканинг турли литологик-геоморфологик, гидрогеологик, тупроқ-иқлим, инсон-хўжалик шароитларидаги суғориладиган тупроқларда оптимал мелиоратив режимларни яратиш бўйича табақалаштирилган схемалар, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

    Айни пайтда ҳудудларда қишлоқ хўжалиги экинларини оптимал жойлаштириш вазифасини бажарувчи “Тупроқ хосса-хусусиятларига кўра экинларни жойлаштириш дастури” дастурий таъминоти танлаб олинган қишлоқ хўжалиги экинлари учун тадбиқ қилинмоқда. Белгиланган мезонлар асосида қишлоқ хўжалиги экинларини оптимал жойлаштиришнинг миқдорий ва фазовий хусусиятлари аниқланиб, тупроқ хосса-хусусиятларига кўра, дастурдан фойдаланиш бўйича қўлланма ишлаб чиқилди.

    Бу соҳада илғор технологияларни кенг жорий этишга бўлган талаб айниқса, охирги йилларда ортиб бормоқда. Бунинг натижасида Институтда яна бир инновацион янгилик —“тупроқ клиникаси” номи остида ишлаб чиқарилаётган мобил лабораториялар яратилди. Қишлоқ хўжалиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланган мазкур мобил лабораториянинг асосий моҳияти ер эгаларига даланинг ўзида тупроқ ҳолати, тупроқдаги озиқа моддалар баланси ҳақида маълумотлар беришдан иборат. Транспорт ичида ташкил этиладиган мобил лаборатория замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. У жойларга чиқиб, деҳқон ва фермерларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

    Шунингдек, бугунги кунда тупроқларни ўрганиш бўйича хорижлик мутахассислар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Хусусан, республиканинг деградацияга учраган тупроқлари ҳолатини ўрганиш, уларнинг унумдорлигини тиклаш ва ошириш бўйича Россия Федерациясининг “Zion Holding Ltd” компанияси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида тупроқ тадқиқотлари олиб борилмоқда.

    Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида агрокластерларнинг ўрни ортиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Шу боис, Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти мазкур агрокластерлар билан ҳам яқиндан ҳамкорликларни йўлга қўйган. Жараёнда Бухоро вилояти Пешку туманидаги “Бухоро сервис Агрокластер” МЧЖ, Қоровулбозор туманидаги “Бухоро Агрокластер заминлари” МЧЖ ва Тошкент вилояти “ТСТ Agro Cluster” МЧЖ хорижий агрокластерлари билан меморандумлар имзоланиб, уларда институт олимлари томонидан кластерлар ер майдонларида тупроқларнинг ҳолати, озуқа моддалари билан таъминланганлик даражаларини аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказилмоқда. Олинган маълумотлар асосида тупроқлар унумдорлигини ошириш ва қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ҳосил олиш бўйича илмий маслаҳатлар бериляпти.

    Тупроқшунослик соҳасидаги мавжуд муаммолар ва ечимини кутаётган масалаларни ҳал қилиш мақсадида институт мутахассислари томонидан келгусида мобил лабораториялар тизими орқали тупроқларнинг ҳолатини диагностика қилиш ҳамда унумдорлигини ошириш бўйича илмий-амалий тавсиялар бериш, тупроқларнинг соғломлик даражасини баҳоловчи тупроқ-экологик хариталарини ишлаб чиқиш, сунъий интеллект технологиялари асосида тупроқ ресурсларини комплекс мониторинг қилиш ва бошқариш тизимининг информацион таъминотини яратиш, геоахборот тизими технологиялари ёрдамида тупроқлар деградациясини баҳолаш ва хариталаш ҳамда бошқа йўналишлар бўйича тадқиқотларни амалга ошириш режалаштирилган.

    Юқорида келтирилган инновацион ечимлар, йўналишлар, ишланма ҳамда агротехнологиялар мамлакатимизнинг барча вилоятларида тупроқ-экологик шароитларини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги экинларини илмий асосда жойлаштириш, тупроқлар унумдорлигини сақлаш ва қайта тиклаш, ер кадастрини тўғри юритиш ва ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишда асос бўлиб хизмат қилади.

    Шуҳрат БОБОМУРОДОВ,

    Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти директори,

    биология фанлари доктори

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates