Туризм соҳасида давлат тили қонунчилигига риоя этилиши юзасидан асосий чора-тадбирлар белгиланди

    Туризм 13 январ 2021 1513

    Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимида давлат тили қонунчилигига риоя этилиши масалалари бўйича асосий чора-тадбирлар белгиланди. 

    Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўзбек тилининг мавқеини ошириш, барча соҳаларда кенг қўлланилишини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Жумладан, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилиб, ҳар бир вазирлик ва идорада раҳбар ўринбосарига тенглаштирилган маслаҳатчи лавозими жорий этилган.

    Бу каби ислоҳотлардан кўзланган мақсад давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка тўлиқ риоя этилишини таъминлаш, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини янада оширишдан иборатдир.

    Хусусан, туризм соҳасида мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда Қўмита тизимида ҳужжат юритилишидан тортиб то туризм обектларидаги ёзув ва эълонларгача ҳал этилиши зарур бўлган тизимли масалаларда иш юритиш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

    Унга кўра, Қўмита тизимида иш юритилиши ва барча ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек тилига тўлиқ ўтказиш, туризм объектлари ва масканларидаги ёзув, эълон ва пешлавҳаларни давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлаштириш, туризм соҳасидаги атамашунослик борасида илмий асосланган тадқиқотлар асосида қўлланма чоп этиш, ходимларнинг давлат тилида иш юритиш борасидаги малакасини ошириш каби қатор масалалар белгилаб олинди.