Туризм ва ёшлар: "Тоғлар улғайтирган қиз"

    Ўзбекистон саёҳат ва зиёрат туризми учун қулай мамлакат. Саноат шаҳри — Ангрен ҳам Янгиобод ва Лашкерак қишлоқлари билан сайёҳларни ўзига чорламоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда туризмга қаратилаётган юксак эътибор туфайли Янгиобод қишлоғи саёҳатга иштиёқманд юртдошларимизу хориждан келаётган сайёҳлар учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Кўплаб меҳмонхоналар, меҳмон уйлари сайёҳларга мунтазир. Овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қад ростламоқда.

    Ангрен шаҳридан Дукент сойи ёқалаб кетар эканмиз, текис ва равон йўл бизни Янгиобод қўрғонига элтди. Пурвиқор тоғлар қўйнидаги мазкур ҳудуд бетакрор гўзаллиги билан ҳар қандай сайёҳнинг кўнглини бир зумда ўзига ром этади. Бу ерда Ойша Ўролова туризм йўналишида тадбиркорликни йўлга қўйган.

    Ойша 1995 йил Ангрен шаҳрида туғилган. Мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ тадбиркорликка қизиққан. Коллеждаги таҳсили давомида шаҳар ва вилоят миқёсидаги турли семинар ва ўқув машғулотларида иштирок этган. Бизнес лойиҳалари билан тадбир ва танловлар ғолибига айланган.

    Бугун у ўз меҳмонхоналари ва меҳмон уйларига эга тадбиркор. Давлатимиз кўмаги билан ажратилган кредит эвазига Ойша бугун сингилларини ёнига олиб, сайёҳлар учун хизмат қилмоқда.

    — Тадбиркорликка қизиқишим туфайли ўзимни бошқа соҳада синаб кўриш истаги бўлмаган. Мен ўзимни туризм йўналишида кўра олганим учун ҳам шу ердаман. Мамлакатимизда туризмга эътибор берила бошланган дастлабки йилларданоқ мен сайёҳлик йўналишидаги тадбиркор бўламан, деб олдимга қатъий мақсад қўйдим. Шаҳримиз Чотқол ва Қурама тоғ тизмалари билан ўралган. Бетакрор табиатдан ҳайратланиб улғайдик. Оилада 3 қиз, бир ўғилмиз. Барчамиз сайёҳликка қизиқамиз. Айни пайтда 3 та меҳмонхона ва битта оилавий меҳмон уйимиз билан сайёҳларга хизмат кўрсатяпмиз. Бир меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйи ўзимизники, иккита меҳмонхонани эса ижара асосида юритамиз. Яна бир меҳмонхонамиз қад ростлаяпти. Томини ёпдик. Ҳадемай ишга тушади. Пандемия барча соҳаларга ўз таъсирини кўрсатди, айниқса, туризмга. Вазият ўнгланса, Ангрен хорижлик сайёҳларнинг ҳам севимли гўшасига айланишига шубҳам йўқ.

    Унинг таъкидлашича, кўпчилик тадбиркорликни бошлашга қўрқади. Бу қўрқув Ойшага тамоман ёт. У ўз бизнес лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш учун ҳатто ҳовлидаги соғин сигирларигача сотиб беришни отасидан илтимос қилган. Қатъий мақсади эса ўзини оқлади. Ҳам оиласининг, ҳам унга молиявий кўмак берган, тадбиркорлик ғоясини қўллаб-қувватлаган давлатимиз олдида унинг юзи ёруғ бўлди.

    Ойша давлат томонидан унга ажратилган илк кўмак — имтиёзли кредитни миннатдорлик билан гапириб берди. Боиси, у айнан шу ёрдам туфайли бу ишнинг бошини тутди. Касаба уюшмасидан ажратилган фоизсиз 10 миллион сўм миқдоридаги маблағ унинг 8 ўринли шинам меҳмонхона хизматини йўлга қўйишга имкон яратган эди. Аста-секин бу ўрин дастлаб 16 тага, сўнг 70 ўринга кўпайди. 2018 йил 200 миллион сўм кредит олиб, 15 ўринли оилавий меҳмонхона ташкил қилди. Мазкур объект спорт туризми йўналишини ривожлантиришни кўзда тутиб очилди. Боиси, Янгиобод қўрғонида Ўзбекистон бокс федерацияси жойлашган бўлиб, спортчилар ўқув-йиғин машғулотларини шу ҳудудда ўтказади.

    — Иккинчи курсда ўқиб юрган кезларим бизга тадбиркорлик йўналишида фан қўйилди. Бу йўналишга қизиққаним боис, у энг севимли фанимга айланди. Дарсдаги мавзулардан хулоса чиқариб, дастлаб паррандачилик йўналишига қизиқдим. Бироқ дадам туризм йўналишига қизиқтирди. Китоблардан, интернет материалларидан фойдаланиб, туризм йўналишлари билан танишдим. Катта-катта тадбиркорлар иштирокидаги лойиҳаларда қатнашдим. Булар менга маркетинг билан ишлашни ўргатди. Бу йўналишда, айниқса, устозим Шоҳиста Мадиёрованинг меҳнатини алоҳида ҳурмат билан тилга оламан. Тадбиркорлик сирларини айнан шу аёл ўргатди. Ўзи тикувчилик соҳасида ишласа-да, мени қўллаб-қувватлади. Қийналган вазиятларимда тиргак бўлди, йиқилсам қўлимдан тутди, тушкун бўлсам, мотивация берди. Бугун эса ўз йўлимни топишга муваффақ бўлдим. Мақсадим — Ангрен тоғларида эко ва спорт туризмини ривожлантириш.

    Ойша тоғларни яхши кўради. Шарқироқ сойлар, ям-яшил арчалар, осмонга туташ чўққилар уни яшашга, ҳаракат қилишга ундайди. Эндигина 26 ёшни қаршилаган Ойша, энг аввало, ўз оиласини иш билан банд қилди. Турмушга чиққач эса келин бўлиб борган хонадонидагиларни ҳам ишли қилди. “Йигирма тўрт соат иш билан бандмиз”, деб жилмаяди у. Бундан ташқари, маҳалладаги яна йигирмага яқин киши доимий иш билан таъминланди. Улар орасида “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га кирганлар ҳам бор. Янги меҳмонхона ўз фаолиятини бошласа, яна янги иш ўринлари яратилади.

    Сўнгги йилларда жамиятда аёлларга бўлган эътибор кучайди. Гендер тенгликни таъминлаш, аёллар учун меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг билим ва салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқаришга қаратилган тизимлар яратилди. Аҳолини ижтимоий қўллабқувватлаш мақсадида моддий ва маънавий кўмакка муҳтож оилалар, аёллар ва ёшлар рўйхати шакллантирилди. Шу қаторда уларнинг тадбиркорлигига ҳам юксак аҳамият берилмоқдаки, бунинг ортидан кўплаб иш ўринлари яратилмоқда. Жамиятда аёлнинг мавқеи юқориламоқда. Бу эса Ойша Ўролова каби ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига, шунингдек, жамият тараққиётига ўз улушини қўшишига имкон яратмоқда.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates