Туркия компанияси Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўяди

    Инвестициялар 30 ноябр 2022 866

    Жорий йил 29 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Туркиянинг Akcha Holding компанияси директорлар кенгаши аъзоси Аҳмет Билге Гўксан билан учрашди.

    Маълумот учун: Akcha Holding Туркиядаги энг йирик компаниялардан бири бўлиб, унинг таркибида енгил саноат, энергетика, озиқ-овқат маҳсулотлари, турбодизель генераторлари ва моторлар ишлаб чиқариш соҳаларидаги корхоналар мавжуд. Ушбу компанияда 20 мингдан ортиқ ходим ишлайди.

    Учрашувда тўқимачилик саноати, қайта тикланувчи энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришни ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама этилди.

    Туркия компанияси вакиллари Ўзбекистонда инвесторларнинг қулай фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолаб, Наманган вилоятида тўқимачилик йўналишида 250 миллион долларлик инвестиция лойиҳасини амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар. АҚШ, Европа, Бразилия, Канада ва бошқа мамлакатлар бозорларига мўлжалланган ип калава, момиқ сочиқ, уй текстиль маҳсулотлари, трикотаж, ҳарбий кийимлар, хом мато, бўялган мато ва бошқа тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга асосланган ушбу лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, 12-15 мингта янги иш ўрни яратилади.

    Учрашув якунида Ўзбекистон томони лойиҳани ҳаётга татбиқ этишнинг барча босқичларида, шунингдек, янги инвестиция ташаббусларини ишлаб чиқиш жараёнида ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.