Туркия ташқи ишлар вазири: Тошкент конференцияси айни муддао ва ўз вақтида ташкил этилган анжуман бўлди

     Тошкентда ўтаётган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» юқори даражадаги конференцияси иштирокчиси - Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли “Дунё” АА мухбирига берган интервьюси чоғида ушбу халқаро анжуманнинг аҳамияти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.

    - Авваламбор, мазкур конференциянинг ташкил этилиши ўта муҳим аҳамиятга молик эканини айтишни истар эдим, - деди у. - Анжуман Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёв Жаноби Олийларининг ўзига хос қарашларининг ифодаси ҳисобланади. Мен Ўзбекистон Президентининг бугунги конференциядаги нутқини жуда диққат билан тингладим. Унда шу кунга қадар Ўзбекистонда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг ташаббускори бўлган ҳурматли Президентнинг икки минтақа марказида жойлашган мамлакатнинг ғоялари, муҳим ва янги ташаббуслари, фикр ва мулоҳазалари ўртага ташланди.

    Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида халқларимизнинг улкан тарихий, илмий, маданий-маърифий мероси, алломаларимиз ва динимиз ҳақида батафсил гапириб ўтди. Мен бундан жуда ҳам фахрландим, катта таассурот олдим. Шавкат Мирзиёвнинг нутқи мени жуда тўлқинлантириб юборди. Сабаби бу ҳақиқий етакчига хос нутқ эди. Мен ушбу нутқнинг видеонусхасини олиб, яна бир бор алоҳида ўрганиб чиқаман, албатта. Президент Жаноби Олийларини ҳамда дўст ва биродар Ўзбекистон халқини ушбу мазмунли нутқ ва ажойиб тарзда ташкил этилган халқаро тадбир билан табриклайман.

    Табиийки, бу минтақада долзарб масалалар оз эмас. Таҳдидларнинг асосийси - бу Афғонистондаги ўта жиддий вазиятдир. Минтақада бошқа яна қатор қийинчилик ва ўзига хос муаммолар мавжуд, бироқ шу билан бирга ҳали фойдаланилмаган имкониятлар ҳам кам эмас. Муаммоларни биргаликда бартараф этишимиз лозим бўлади. Бунинг учун биз ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга оширишимиз зарур. Бу борада яқиндан ҳамкорлик қилишимиз керак. Бу муаммоларнинг ҳал этилишида, албатта, Ўзбекистон алоҳида ўрин тутади.

    Туркия Ўзбекистон томонидан ўртага ташланган муҳим таклифларни, минтақаларимиз келажаги, жумладан, ҳудудда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишда яқиндан ёрдам беришга тайёрдир. Минтақавий ўзаро боғлиқлик, таҳдидлар ва имкониятлар борасидаги ушбу конференция айни муддао ва ўз вақтида ташкил этилган тадбир бўлди.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates