Туркия вице-президенти “Ипак йўли” халқаро туризм университетига ташриф буюрди

    29-июн куни Туркия Республикаси вице-президенти Фуат Октай Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” халқаро туризм университетига ташриф буюрди. Юқори мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Aзиз Aбдуҳакимов ҳамда Бош вазир ўринбосари – Инвестиция ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ҳамроҳлик қилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги Aхборот хизмати хабар берди.

    Фуат Октайнинг юртимизга ташрифидан мақсад - Ўзбекистон-Туркия муносабатларини нафақат таълим соҳасида, балки туризм йўналишида ҳам ривожлантириш учун “Ипак йўли” халқаро туризм университети фаолияти билан танишиш.

    Университет жамоасининг аксарияти ёш ва куч-қувватга тўла инсонлар, талабалар эса шижоатли эканини кўриб турибман. Булар - Ўзбекистон туризмининг келажаги”, - деди Туркия вице-президенти.
    “Ипак йўли” халқаро туризм университети ректори Aзиз Aбдуҳакимов меҳмонларни университет фаолияти билан таништирди.

    Самарқанддаги халқаро туризм университетида ўтган тадбир иштирокчилари Туркиянинг туризмни ривожлантиришдаги бой тажрибаси Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришда ижобий рол ўйнашини таъкидлашди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида маданият, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қўшма тадбирлар ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.

    Учрашувда қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди - “Ипак йўли” халқаро туризм университети қошида “Турк мамлакатлари маданияти ва мероси мактаби” ва “Тарихий меросни реставрация қилиш мактаби”ни ташкил этиш, соҳани ривожлантиришда илмий тадқиқотларнинг ўрни: туркий тилшунослик, санъат, этно-маданий тадбирлар, номоддий маданий меросни қайта тиклаш шулар жумласидандир.

    Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Туркия мамлакатлари педагог ҳамда талабалари ўртасида академик алмашинув ҳамда “Маданият”, “Дин”, “Туризм” йўналишлари бўйича икки томонлама диплом дастурларини йўлга қўйишга келишиб олинди.

    Таъкидлаш жоизки, Туркия вице-президенти Фуат Октайнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг VI йиғилиши ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни рағбатлантириш ва саноат коперациясининг янги лойиҳаларини шакллантиришга қаратилган бизнес-форум бўлиб ўтди.

    Ташриф якунига кўра, Туркия вице-президенти Ф.Октай “Ипак йўли” халқаро туризм университетининг тилаклар китобида илиқ сўзларни ёзиб қолдирди ва олийгоҳ талабаларини Туркияга таклиф қилди.