Туркияда бўлиб турган ёки ушбу мамлакатга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқаролари диққатига

    Долзарб 18 октябр 2020 534

    Ҳурматли юртдошлар, жорий йилнинг сентябрь ойида «Тошкент- Истанбул-Тошкент» йўналиши бўйича мунтазам рейслар тиклангандан сўнг, фуқароларимизнинг турли хил мақсадларда (бизнес, даволаниш, ўқиш, туризм ва ҳоказо.) Туркияга келиши сезиларли даражада ошди.

    Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси шуни маълум қиладики, Туркиядаги тегишли вазирлик ва ташкилотларнинг баёнларига мувофиқ COVID-19 суғуртасига эга чет эл фуқаролари касалланиб қолганда давлат ташкилотларида бепул даволанишлари мумкин. Шунингдек, касалликни енгил ўтказаётган туристларнинг 10-14 кунлик карантин муддатини меҳмонхона махсус хонасида ўтказишлари ва бунинг учун кетган харажатлар ҳам суғурта ҳисобидан қопланиши белгиланган.

    Шу билан бирга, коронавирус ташувчилари билан бевосита мулоқотда бўлган фуқароларимизнинг ҳам меҳмонхоналарда мажбурий карантинда қолишлари мажбурий бўлган ҳолатлар кузатилмоқда. Аммо бу вазиятда фуқаро бевосита COVID-19 билан касалланмагани сабабли суғурта полислари меҳмонхонада қолиш харажатларини қоплашни назарда тутмаган.

    Шу муносабат билан Туркияга турли мақсадларда келишни режалаштираётган фуқароларимизга қуйидагиларни тавсия қиламиз:

    - COVID-19 билан эҳтимолий касалланиш хавфини инобатга олиб, тиббий суғурта полисини сотиб олиш;

    - суғурта шартномасига «ПЗР тестининг натижаси салбий бўлишига қарамай, суғурталанувчи COVID-19 ташувчиси билан мулоқотда бўлганлик сабабли мажбурий карантинда қолишига тўғри келса, тегишли харажатларни қоплаш» тўғрисидаги бандни киритиш;

    - суғурта агентлигидан коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатида амалга ошириладиган зарур ҳаракатлар алгоритмини билиб олиш.

    Ўз навбатида, COVID-19 билан касалланишнинг олдини олиш мақсадида, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан карантин чоралари кучайтирилгани муносабати билан вирусга қарши гигиенага ва ижтимоий масофага қатъий амал қилишингизни сўраб қоламиз, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.