Қайд этилишича, ота-онасидан эрта айрилган С.С. ўзининг қонуний васийларининг розилигисиз, Туркия олий ўқув юртларида таҳсил олиш мақсадида Истанбул шаҳрига келган. У Ўзбекистонлик танишининг тавсияси билан Туркияда таҳсил олаётган, А.Д. исмли шахс билан боғланган.
Туркияга келганидан сўнг С.С. ни А.Д. кутиб олган ва унга босим ўтказиб, уни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган. Қаршилик қилган тақдирда эса уни маҳаллий жиноий гуруҳларга топшириш билан қўрқитган.
Ўз ҳаёти хавф остида қолганини англаган С.С. ёрдам сўраб диаспорамиз вакилларига мурожаат қилган. Фаоллар томонидан Бош консулхонага олиб келинган ва мазкур фуқаронинг ҳолати ўрнатилган тартибда кўриб чиқилган.
Ушбу ҳолатга алоқадор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича ишлар ташкил этилган.
Ўзбекистонда С.С. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан кутиб олинди ва ҳозирда уни оилавий муҳитга қайтариш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.