Туркияга кетган Мудофаа вазирлигининг тиббий отряди юртимизга қайтиб келди

    Туркияда 24 кун давомида зилзила оқибатларини бартараф этишда иштирок этган Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг малакали ҳарбий хизматчилари Тошкентга қайтиб келди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан шу йилнинг 8 февраль куни Мудофаа вазирлигининг малакали ҳарбий хизматчиларидан иборат тиббий отряди зилзилалар оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш ҳамда зилзиладан жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Туркия Республикасига жўнаб кетган эди.

    Ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар қарийб бир ой давомида зилзилалардан жабр кўрган турк халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиб, оғир дамларда қўллаб-қувватлаб, уларга камарбаста бўлишди. Шу вақт давомида улар жами 3860 нафар фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатдилар, улардан 1795 нафари эркаклар, 1177 нафари аёллар ва 888 нафарини эса болалар ташкил этмоқда.

    Бугун, 6 март куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Мудофаа вазирлигининг тиббий отряди ходимларини оммавий ахборот воситалари, кенг жамоатчилик вакиллари, мудофаа вазирининг ўринбосари ва бошқа расмийлар кутиб олди.