Туркиянинг Измир шаҳрида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда

    Ташвишли хабар 31 октябр 2020 795

    Бугун тонгда тарқатилган расмий маълумотларга кўра, Туркиянинг Измир шаҳридаги зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 25 кишига етди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

    Шунингдек, жароҳат олганлар сони 815 кишини ташкил қилмоқда, 903 нафар киши вайроналар остидан қутқарилган. Қутқарув ишлари давом этмоқда.

    Қутқарувчилар одамларни вайроналар остидан излашда уяли алоқа компаниялари имкониятларидан кенг фойдаланмоқда. Бунда мобиль телефон сигналлари ёрдам бермоқда.

    Эслатиб ўтамиз, кеча тушдан кейин Туркиянинг ғарбий қисмида 6,6 балли зилзила содир бўлди.

    Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Ражаб Таййиб Эрдўғонга мамлакатнинг ғарбий ҳудудларида юз берган табиий офат – кучли зилзила оқибатида инсонлар қурбон бўлгани, кўплаб фуқаролар жaроҳат олгани ҳамда катта талафот кўрилгани муносабати билан таъзия йўллади.

    Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонаси Измирда ҳалок бўлган ва ярадорлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлигини маълум қилди. Айни пайтда Анқара ва Истанбулдаги ўзбек дипломатлари Туркиянинг тегишли идоралари билан доимий алоқада бўлиб турибди.