баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    У кунларни унутиб бўлмас...

    1941 йил сентябрь ойининг бошлари эди. Бир гуруҳ ҳарбийлар биз яшаб турган жойга келди.

    Укаси, “Қизил юлдуз” ордени соҳиби Аминбой ҳақидаги бу ҳикояни бобом Одамбой Қодиров айтиб берган эди. Уни сизларга бобом тилидан сўзлаб беришни лозим топдим.

    Биз уйда ота-онам, укам ва икки синглим билан яшардик. Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, фавқулодда ­эълон қилинган оммавий сафарбарлик оиламизни ҳам четлаб  ўтмади. Укам Аминбой билан бирга темирчилик қилиб, одамларнинг рўзғорига керакли анжомлар ва қишлоқ хўжалиги ускуналари ясардик. Меҳнатимиз ортидан ҳам аҳолига, ҳам оиламизга озми-кўпми нафимиз тегиб турарди. Сафарбарлик пайтида мени ўз ишимда қолдиришиб, эндигина 19 ёшни қаршилаган укам Аминбойни урушга олиб кетишди.

    1941 йил сентябрь ойининг бошлари эди. Бир гуруҳ ҳарбийлар биз яшаб турган жойга келди. Кейин билсам, улар қишлоғимиз йигитларини урушга олиб кетишга келган экан. Кузатиш маросимида ёшу қари — ҳамма йиғилди. Онам бечора  дағ-дағ титраганча  ҳеч нарса деёлмас, қалтироқ босган қўллари билан битта нонни укамга зўрға тишлатди-да, уни маҳкам бағрига босиб, узоқ кўз ёш тўкди. Кейин дадам ҳам секин укамнинг ёнига бориб, пешонасидан  ўпди.

    “Аминбой ўғлим, биз сенга ишонамиз ва сен билан доим фахрланамиз. Тез орада ғалаба билан қайтасизлар, шунда аканг Одамбой билан иккалангни бирга уйлантириб, қўшалоқ тўй қиламиз. Оқ йўл, ой бориб, омон қайт”, дея хайрлашди отам. Укагинам майин табассум билан ҳаммамиз билан қучоқлашар экан, фақат бир сўзни такрорларди: “Хайр, яхши қолинглар, биз албатта қайтамиз...”.

    Дастлаб ҳар икки-уч ойда укамдан ўзи ва бирга кетган сафдошлари,   қаерда хизмат қилаётгани ҳақида ёзилган хатлар келиб турди. Хат келган кун уйимизда байрам бошланар, ҳаммамиз қайта-қайта ўқирдик. Онам эса хатни ёстиғи остига қўйиб ухларди. Хат келиши чўзилса, онам дарров ўғлимдан хат келмадимикан, дея почтачининг уйига боришни канда қилмасди.

    Шу зайлда орадан йиллар ўтди. Кейинчалик уйимизга, умуман, хат  келмай қўйди. Дадамнинг ғамгин нигоҳлари, онамнинг ўйчан кўзлари йўлда қолди. 1943 йил. Урушнинг суронли йиллари, қиш яқинлашиб қолган, ҳавонинг авзойи бузуқ, изғиринли кунларнинг бирида одатдагидек устахонада бел, кетмон ясаётган эдим. Отам ёнимга келиб оҳиста ўтирди ва қилаётган ишларимни зимдан кузатди. Мен ҳассага суяниб хаёлга чўмган отамнинг, гапирмаса-да, дилида нималар кечаётганини сўзсиз тушунардим. Чунки қарийб 6 ойдан буён укам Аминбойдан хат келмаганди. Қишлоғимиздан урушга кетган баъзи йигитларнинг уйига “қора хат” келар ва  бутун қишлоқ аза очарди...

    Шу ўй-хаёллар билан ишимни қилаётгандим, кимдир эшикни  секин очди. Қишлоғимиз почтачиси... Юрагим шув этиб кетди. Отам у билан саломлашаркан, почтачи берган хатни қўлига зўрға олиб, мажолсизгина жойига  ўтириб қолди. Кейин лаблари титраб: “Буни кўнглим сезганди, ўғлим, болагинам, охиратинг обод бўлсин”, дея ўкириб юборди ва юзига фотиҳа тортди.

    Бу совуқ хабардан, айниқса, онам бечора адойи тамом бўлди. Деярли ҳар куни: “Ҳеч бўлмаса болагинамнинг қабрини зиёрат қилсам эди”, дея тинмай кўз ёш тўкарди. Орадан кўп ўтмай, отамнинг қадди букилиб, тўшакка михланиб қолди. У укамнинг ўлимини кўтара олмади.  Икки ойча ўтиб, вафот этди. Қўлимда жон берар экан, ҳеч нима демас, фақат бир нуқтага тикилганча нималарнидир ўйларди. Кейин қўлимни маҳкам сиққанича, кўзимга узоқ тикилиб туриб, менга сабр-бардош, куч-қувват тилагандай, оиламиз номуси ва шаънини сенга топшириб кетяпман, дегандай бўлди-да, кўзларини юмди...

    1944 йил эрта баҳор кунларининг бирида далада кетмон чопиб юрган эдим, узоқдан одамларнинг “Сейитмамбет қайтди, Сейитмамбет қайтди”, деган овозлари эшитилди ва қўлимдаги кетмонни ташладим-у, ён қўшнимиз Сейитмамбетнинг уйи томон чопдим.

    Чунки Сейтимамбет укам билан бирга урушга кетган, битта фронтда, битта  жойда хизмат қилганди. Бир зумда барча қишлоқ аҳли шу уйда жам бўлди. Йиғилганлар урушда бир оёғидан айрилиб келган Сейитмамбет билан ҳол-аҳвол сўрашар экан, тинимсиз саволларга тутарди. Мен ҳам ўзимда зўрға бир куч топдим-да:

    — Сейитмамбет, сен билан бирга кетган укам Аминбойга нима бўлди? —  дея сўрадим. У эса секин юзимга боқиб:

    — Одамбой оға, бандачилик, Аллоҳнинг иродаси экан, — деди.

    Сейитмамбетнинг ҳикоя қилишича, уларни аввал Москва яқинида танкчиликка ўқитишган. Кейин Сталинград фронтига юборишган. Укам жасорати туфайли танк батальони командири даражасига эришган. Лекин жангларнинг бирида ҳалок бўлган. Ўлимидан кейин Аминбой Қодиров  фронтда фашистларга қарши курашда кўрсатган қаҳрамонлиги учун “Қизил юлдуз” ордени билан тақдирланган...

    * * *

    Ҳар сафар Нукус ҳамда Тошкент шаҳри марказидаги Хотира майдонига келиб, аждодларимизни зиёрат қилганимда, Ватан учун, шу эл учун жон берган амакимнинг номи ҳам “Хотира дафтари”да зарҳал ҳарфлар билан ёзилганини кўриб, қалбимни фахр ва ифтихор туйғуси эгаллайди. У кунларни унутиб бўлмас...

    Қувондиқ ҚОДИРОВ,

    Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори

     

     

    No date selected
    June 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates