57 йилдан ортиқ фаолияти давомида нуқсонли болаларнинг ўзбек тилида таълим олиши учун тинмай изланаётган, махсус таълим адабиётлари яратган, илк «Алифбе» китобини чоп эттирган олима, сурдопедагог Убайда Файзиева ҳозиргача соҳа мутахассисларини тайёрлашда жонбозлик кўрсатмоқда.
Салкам 80 ёшни қоралаган юртдошимиз дефектология йўналишидаги илмий-амалий ишлари билан халқаро майдонда ҳам танилган. Унинг узоқ йиллик илмий изланишлари натижасида эшитиш ва гапиришда нуқсони бор болалар бугун ўз она тилида сифатли таълим олиш, нутқини чиқариш имкониятига эга бўлган, ҳамма қатори гапириб кетган. Аёл шундай вақтларда ўша болаларнинг оналари кўзига боқади, улардан икки карра кўп севинади, касбидан рози бўлади, бахтни ҳис қилади. Ахир шу йўналишда таҳсил ола бошлаган кезлари 19 ёшда эди. Ўшандан бери изланишдан тинмади, танлаган йўлидан қайтмади. Ўқиди, ишлади.
— Тошкент вилоятининг тоғли Бурчмулла қишлоғида туғилиб, вояга етганман, — дейди олима. — 1967 йилда Тошкент шаҳри хотин-қизлар педагогика билим юртини тамомладим. Тақдир тақозоси билан кар ва заиф эшитувчи болалар мактаб-интернатига ишга кирдим. Шу ерда 22 йил фаолият юритдим. Мени қийнаган асосий масала шу каби мактабларда болаларнинг фақат рус тилида ўқитилиши эди. Қандай бўлмасин, уларга ўз она тилида таълим бериш, урф-одатларимизни ўргатишга аҳд қилдим. Фаолиятим шу йўналишда давом этишини тушуниб етганимдан кейин Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги университет)нинг олигофренопедагогика ҳамда сурдопедагогика йўналишларида таҳсил олдим. Лекин ўша вақтларда юртимизда кар-соқов болаларни ўқитиш учун ўзбек тили дарсликлари ҳам, бу борада тажриба ҳам йўқ эди. Рус тилидаги дарсликларнинг тагига ўзбекча ёзиб, болаларни ўқитган вақтларимиз бўлган. Шу боис, нуқсонли болалар учун ўзбек тилида дарслик яратиш асосий мақсадимга айланди. Бунинг учун, аввало, шу йўналишда ўқитиш методикасини мукаммал ўрганиш, ўзбек тили қоидаларини яхши билиш, ўргатиш механизмини тўғри белгилаш керак эди. Менга «Олим бўлмасангиз, илмий унвонингиз бўлмаса, буни уддалай олмайсиз. Бу масалага аралашманг», деганлар ҳам бўлган. Аммо мақсадим қатъий эди, атрофимга ўқитувчилар, муаллифлар гуруҳини тўплаб, 1984 йилда илк дарсликларни тайёрладик. Ҳатто мактаб-интернатлар учун ўзбек тилида илк «Алифбе»ни ишлаб чиқдим. Москвадаги илмий кенгашга олиб бориб, тасдиқлатиб ҳам келганман. Аммо турли сабабларга кўра, чоп этилмади. Мустақилликдан кейин — 1992 йилда бирдан 5 та дарслигим ва «Алифбе» китоби нашр қилинди. Ўзим жалб қилган ўқитувчиларнинг ҳам бир неча дарслиги чиқарилди.
Мен ўқиган вақтларда олий ўқув юртларидаги сурдопедагогика факультетларида ҳам дарслар рус тилида ўқитиларди. Соҳадаги билимимни ошириш мақсадида қўлимдаги гўдагим билан Москвага бориб, сиртдан таълим олдим. Бу орада тегишли идораларга Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг дефектология факультети сурдопедагогика йўналишида ўзбек тили гуруҳлари очилишини сўраб мурожаат қилдим. Ўзбек хотин-қизлари ҳам ўз она тилида шу соҳани ўргансин, деган масалани қўйдим. 1979 йилда 1-курсни тамомлаб, юртимизга қайтгач, сурдопедагогика йўналиши бўйича ўзбек гуруҳи очилиб, қабул эълон қилинганини кўрдим. Кейин ўқишимни шу гуруҳда давом эттирдим. Ўқишни тамомлагач, аввал катта ўқитувчи, сўнг кафедра мудири лавозимида ишладим. Шундан сўнг университетда ўзбек тилида факультетлар очилди. Ҳозир кўриш, эшитиш, нутқида нуқсони бўлган болаларни ўқитиш бўйича мутахассислар тайёрланяпти. Улар ишимизни давом эттиради.
Убайда опа 30 ёшидан кейинги фаолиятини нуқсонли болаларни ўқитиш билан бирга, шу соҳада кадрлар тайёрлашга қаратди. Сурдопедагогика йўналишида талабалар учун илк бор ўзбек тилидаги ўқув режа ва дастурлар тайёрлаб, давлат таълим стандартларини ишлаб чиқди. Кўплаб шогирдларининг илмий ишларига раҳбарлик қиляпти. Ўзи ҳам номзодлик ишини ёқлаб, 1996 йилда доцент илмий унвонига эришган. Олиманинг бугунга қадар кар ва заиф эшитувчи болалар мактаблари учун 14 номдаги дарслиги, талабалар, махсус таълим муассасалари, инклюзив таълим бўйича ўқитувчилар ҳамда ота-оналар учун методик ва ўқув қўлланмалари чоп этилган.
Таълимнинг ҳамма учун тенг шакли
Охирги йилларда инклюзив таълим ҳақида кўп эшитяпмиз. Боиси, юртимизда бу нафақат кўп тилга олинаётган, балки катта эътибор қаратилаётган йўналишлардан бирига айланди. Инклюзив таълим жисмоний имкониятидан қатъи назар, ҳамма боланинг бир хил мактаб ва бир хил шароитда таълим олишини англатади. Яъни имконияти чекланган бола соғлом болалар билан бир хил эътибор кўриб ўқий олиши керак. Бу нуқсони бор болаларнинг ҳам ўз ҳудудидаги исталган умумтаълим мактабида таҳсил олиш имконияти, деганидир. Бунда бола махсус мактаб-интернатда ўқиганидек, оила аъзолари, яқинларидан узоқда бўлмайди, одатий ҳаёт кечириб, жамиятнинг фаол аъзолари қаторига қўшилади.
Бунинг учун умумтаълим мактабларида шунга яраша шароит бўлиши керак. Инклюзив таълимнинг мақсади ҳам алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар учун мактабда махсус восита ва методларни қўллаш орқали махсус педагогларни жалб этган ҳолда, тўсиқсиз мослаштирилган таълим муҳитини яратиш, нуқсонли болаларга сифатли умумий ўрта таълим беришдан иборат.
— Ҳозир юртимизда инклюзив таълимни ривожлантириш орқали кар-соқов болаларни 2-3-синфдан соғлом болалар қаторига қўшиш бўйича катта ишлар қилиняпти, — дейди Убайда Файзиева. — 2020-2021 йилларда Ўзбекистонда инклюзив таълим жорий этилгач, аввал давлатимиз раҳбарининг қарори билан 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси эълон қилинди. Шундай таълимни ривожлантирувчи махсус лаборатория очилди. Юртимизда махсус таълим хорижий давлатларникидан қолишмайдиган даражада ривожланяпти. Кўп давлатларда хизмат сафарида бўлиб, амалиётини ўрганганимизда, айниқса, биздаги имкониятлар яққол кўзга ташланади. Масалан, айрим давлатларда бола тўғридан тўғри инклюзив таълимга жалб этилишига гувоҳ бўлдик. Уддалаб кетса, ўқийди, бўлмаса, йўқ. Бизда эса нуқсонли болалар аввал махсус мактабларда инклюзив таълимга тайёрланиб, кейин умумтаълим мактабига ўтказилади. Ҳозир юртимиздаги мактаб-интернатларга сарфланаётган маблағ билан кўплаб умумтаълим мактабининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мумкин. Мактаб-интернатларнинг барчаси эшитиш, овозни кучайтириб бериш мосламалари билан таъминланган. Илгари болалар фақат дарс вақтида эшита олган бўлса, энди кунбўйи эшита олади. Бундай шароитда улар гапиришга тезроқ ўрганади. Демоқчиманки, эътибор, шароит, сарфланаётган маблағ жуда катта. Кар-соқов болаларнинг тезроқ соғлом болалар қаторига қўшилиб, мослашиб кетиши учун барча шароит яратилган.
Мазкур жараёнда ўзим ҳам бевосита иштирок этиб, бир вақтлардаги қийинчиликлар ёдимга тушса, бугунги шароитлардан қувонаман. Инклюзив таълим ҳақида шунчаки гапирилмаяпти, балки аниқ ишлар қилиняпти. Умумтаълим мактабларини бунга тайёрлаш, махсус мактаблардаги каби шароитларни яратиш учун катта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Ўқитувчилар учун дарсликлар, ўқув қўлланмалар яратилди. Ҳозир 700 га яқин алоҳида эҳтиёжли бола инклюзив тарзда таълим олаётган бўлса, 2030 йилгача махсус мактаб-интернатларда ўқиётган болалар сони жуда қисқаради. Оғир шаклдаги, инклюзив таълимга тайёрлашга имконияти йўқ болаларгина махсус таълим муассасаларида ўқийди. Сифатли натижага эришиш учун кадрлар тайёрланяпти. Олий таълимда ҳам олий инклюзив таълим йўлга қўйилди.
Аёлнинг кучи нимада?
Нуқсонли болалар билан ишлаш осон эмас. Педагог бундай болаларни ўқитиш, саводини чиқариш учун соғлом болаларга нисбатан кўпроқ вақт, меҳнат сарфлайди. Убайда Файзиева ана шу меҳнатнинг натижасидан завқ олади. Олим ўзи ташкил қилган инклюзив таълим марказида эшитиши, нутқида муаммоси бўлган болаларни соғломлаштириш билан шуғулланади. Ҳар ўқув йилида марказдаги 5-6 бола умумтаълим мактабига инклюзив таълим олишга чиқиб кетади. Улар ҳамма қатори гапиради, ўқиб-ёзади.
— Кўп аёллар фарзандини олиб келиб, «Болам эшитмайди ҳам, гапирмайди ҳам, нима қилсак бўлади?» деган ташвишли савол билан мурожаат қилади, — дейди Убайда Файзиева. — Ҳозир бу борада имконият жуда кенг, юртимизда кар-соқов болаларни эшитиш ва гапиришга ўргатиш амалиёти кириб келиб, ривожланди. Гап жарроҳлик амалиёти орқали имплант қўйиш ҳақида кетяпти. Ана шу имплант болаларга эшитиш имкониятини беряпти. Эшитган бола гапира олади. Фақат бунинг учун сурдопедагог ёрдами керак. Марказимизда айни шу жараён амалга оширилади. Болага имплант қўйилган кун қайтадан туғилгандек бўлади. Чунки овозли дунёга кириб боради. Бу қувонч болаларга давлатимиз томонидан берилиб, жарроҳлик амалиёти бепул ўтказилаётир. Чунки ҳамма давлатда ҳам бундай шароит яратиб берилмайди. Ҳар йили камида 200-300 болага кичик ёшидан бошлаб бепул имплант қўйиляпти. Уларнинг 70-80 фоизи эшитиб, гапириб кетиши, соғлом болалар қаторига қўшилиши ҳам катта натижа.
Убайда Файзиева билан суҳбат узоқ давом этди. Бир аёл ўз касбини бунчалик севиб, олималик машаққатини қувонч билан босиб ўтиши борган сари ҳайратни оширади. Бундай инсонлар мамлакатимизда қадрланади, бундай аёллар доим эъзозда, барчага намуна. Олиманинг кўксига тақилган орден ва медаллар бунинг исботи.
— Болалигидан олдига мақсад қўйиб яшаган аёл кучли бўлади, — дейди Убайда Файзиева. — Чунки ўша мақсадга эришиш учун машаққатли йўлларни босиб ўтиши керак. Ҳатто бирор касби бўлмаса ҳам фарзандларни дунёга келтириб, яхши инсон қилиб тарбиялаш ҳам аёлни кучли қилади. Мен ўзимни ана шуларга эришган бахтли аёл деб биламан. Ногирон болаларни эшитадиган дунёга олиб кириб, нутқини чиқариб, оналари қувончини кўрсам, икки карра бахтни туяман. Уни сўз билан ифодалаб беролмайман.
Жамиятда хотин-қизларнинг ўз ўрнини топишида оиласининг қўллаб-қувватлови жуда муҳим. Турмуш ўртоғим касбимни ҳурмат қилиб, ишлашим учун барча шароитни яратиб берган. Унинг ўрнида бошқа одам бўлганида, эҳтимол, оилада ҳам, ишда ҳам бугунгидек натижага эришолмаган бўлардим. Фарзандларим ҳам доим мени тушуниб, ёнимда турган. Барчаси ҳаётда ўз йўлини топган. Оила даврасида ўтирганимизда «Мени ҳамиша қўллаб-қувватлаганингиз учун сизлардан миннатдорман!» деб айтиб тураман...
Ирода ТОШМАТОВА,
«Янги Ўзбекистон» мухбири








