Улар ҳам менинг фарзандларим. Яхшиси ҳам, ёмони ҳам меники – Шавкат Мирзиёев

    Ҳукумат 10 сентябр 2021 1732

    Президент Шавкат Мирзиёев XVI Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашувда миллий паралимпия ҳаракатини ривожлантириш учун қатор ташаббусларни илгари сурди.

    Жумладан, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси қошида Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассисларни тайёрлаш институтини ташкил этиш таклифини билдирди.

    Пара-спортчиларни мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказиш, жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш мақсадида уларни Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказига бириктириш, махсус дори-дармон ва халқ табобати воситалари билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

    Туризм ва спорт вазири ҳамда вилоят ҳокимларига қишки спорт турларини ривожлантириш мақсадида “Амирсой” тоғ-чанғи спорт мажмуаси ва “Ҳумо-Арена” муз саройи базаларида паралимпиячилар учун шароит яратиш бўйича топшириқлар берилди.

    Давлатимиз раҳбари пара-спорт бўйича юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийларни кенг жалб этган ҳолда, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси таркибида “Матонат мактаби”ни ташкил этишни таклиф қилди.

    – Ўзининг юксак иродаси ва матонатини намойиш этиб келаётган сизлар каби ёшларимиз бу мактабнинг етакчи вакиллари сифатида фаолият олиб борса, айни муддао бўларди. Сизлар таълим масканларида, меҳнат жамоаларида, айниқса, маҳаллаларда ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётингиз, машаққатли йўлларингиз, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз, улар албатта, сизларга эргашади, – деди Президент.

    Давлатимиз раҳбари тақдир синовларига мардона бардош бериб, ҳаётда ўз ўрнини топиб яшаётганларининг ўзи катта жасорат ва қаҳрамонлик намунаси эканини қайд этди. Шу билан бирга, синовларга бардош бера олмаган ёшларимиз маърифатга эмас, жаҳолатга эргашишини таъкидлади.

    – Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Ватани, ота-онаси, Президенти улардан кўп нарса кутаяпти. Улар ҳам менинг фарзандларим, яхшиси ҳам, ёмони ҳам меники. Сизлар орқали адашган ёшларни тарбиялаб олсак, бу менинг энг катта ғалабам, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Маросимда жисмоний имконияти чекланган бўлса-да, илм-фан, маданият ва санъат, спорт соҳасидаги катта ютуқлари билан намуна бўлиб келаётган замондошларимиз ҳақида публицистик асарлар, кўрсатув ва эшиттиришлар, ижтимоий роликлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Президентимизнинг фармонига мувофиқ, Токиода бўлиб ўтган XVI Паралимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, ғолиб ва совриндор бўлган бир гуруҳ паралимпиячи спортчиларимиз ва уларнинг устоз-мураббийлари давлатимизнинг юксак ордень ва медаллари билан тақдирланди.

    Тадбир сўнгида ушбу мукофотлар ўз эгаларига топширилди.

    Учрашувда спортчилар, мураббийлар, она-оналар сўзга чиқиб, мамлакатимизда паралимпия спорт турларини ривожлантиришга қаратаётган юксак эътибори, айниқса, ногиронлиги бўлган инсонларга ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш бўйича кўрсатаётган чексиз ғамхўрлиги учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.