Улуғ мақсадлар сари ишончли қадам

    Фикр 29 сентябр 2020 1820

    Барчамиз гувоҳ бўлиб келаётганимиздек, 2020 йилда илгари тарихимизда кўрилмаган мураккаб синов ва машаққатлар кўп бўлди. Айни вақтда бу йил халқимизнинг қудрати ва салоҳияти, донишмандлиги, мардлиги ва матонати ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён бўлган йил сифатида тарихда қолади, десак асло муболаға бўлмайди.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жаҳон миқёсидаги энг олий минбар — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида сўзлаган нутқи ҳам, ҳеч шубҳасиз, халқимиз, Ватанимиз ҳаётидаги энг ёрқин тарихий воқеалардан биридир. Қарийб йигирма дақиқа давом этган, лекин ўзининг чуқур маъно-мазмуни, таҳлилий руҳи, минтақавий ва глобал миқёсдаги энг долзарб муаммоларга конструктив ёндашуви ва аниқ-равшан ечим ва таклифларни илгари сургани билан бу нутқ асрларга татигулик аҳамиятга эга эканини бугунги кунда нафақат мамлакатимиз жамоатчилиги, балки халқаро эксперт ва кузатувчилар ҳам эътироф этмоқда.

    Мазкур нутқни катта эътибор ва ҳаяжон билан тинглаб, қалбларимиз қанчалик ғурур-ифтихорга тўлган бўлса, у ҳақда билдирилаётган холис фикр ва мулоҳазалар, ҳаққоний эътирофларни эшитиб, кўнглимиз янада тоғдек кўтарилмоқда. Бу янги Ўзбекистонимизнинг дунё майдонидаги яна бир улкан ютуғи бўлиб, бунинг натижасида халқаро ҳамжамият, турли давлатлар, хорижий сармоядор ва ишбилармонлар, бизнес оламининг кўзга кўринган намояндалари ўртасида мамлакатимизга, биз билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш ва интилиш янада ортишини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта.

    Яқинда ўз мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлаган жонажон Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий, маданий соҳаларда эришаётган ютуқларини ана шу сана муносабати билан атрофлича сарҳисоб қилиб олдик.

    Президентимиз энг улуғ ва энг азиз байрамимиз муносабати билан сўзлаган нутқида бу борадаги энг муҳим йўналишларга тўхталиб, олдимизда турган вазифаларни янада аниқ-равшан белгилаб берди.

    Мавжуд қийинчиликларга қарамай, юртимизда рўй бераётган тарихий ўзгаришлар, ишга туширилаётган янги-янги ижтимоий-иқтисодий объектлар, қурилиш ва бунёдкорлик ишларининг кўлами мамлакатимиз ҳақиқатан ҳам ўз тараққиётининг бугунги янги босқичида маррани ниҳоятда баланд олгани ва кўзлаган манзилларига албатта етажагини яққол намоён этмоқда.

    Президентимизнинг БМТдаги тарихий нутқини бутун халқимиз қатори мен ҳам чуқур ҳаяжон билан тинглаб, минтақамиз ва глобал миқёсдаги муаммолар бўйича илгари сурилган янги фикр ва ташаббуслардан жуда тўлқинландим. Айниқса, бир ижодкор сифатида буюк бобомиз Алишер Навоий тили — ўзбек тили давлатимиз раҳбари тимсолида бутун йигирма дақиқа давомида жаҳон минбарида халқаро тил, халқаро мулоқот воситаси бўлиб турганидан беҳад қувониб, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Чунки ўзбек тили, миллий маданиятимиз, адабиётимиз ва санъатимизнинг шуҳратини дунёга таратиш не-не улуғ устозларимизнинг ушалмас орзуси, армони бўлиб келган эди. Шунинг учун бу нутқ нафақат биз — ўзбекистонликлар, айни вақтда бутун туркий олам учун чинакам маънавий байрам бўлди. Мен қаттиқ ҳаяжондан, бамисоли узоқ йиллар йўқотиб қўйган энг қимматли бойлигимизни топгандек, яйраб кетдим, кўзимда қувонч ёшлари, шукрона ёшлари пайдо бўлди.

    Алишер Навоий бобомиз дунё ижодкорлари ичида энг кўп — 26 мингдан зиёд сўз ишлатиб, она тилимиз бениҳоя бой ва таъсирчан тил эканини амалда исботлаган. Шу боис, чексиз ғурур билан “Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам”, деб таъкидлаган. Ул буюк аждодимиз туркий қавмларни бир адабий тил воситасида янада яқинлаштирган бўлса, Президентимиз ушбу нутқи билан дунёнинг барча мамлакатларида яшаб келаётган миллатдошларимиз қалбида ягона тил, ягона Ватан туйғусини кучайтириб, уларни маънавий жиҳатдан янада муштарак қилди.

    Жаҳон халқлари минбарида она тилимизнинг илк бор бундай мағрур янграши янги Ўзбекистоннинг овози, ташаббуслари дунёни тобора кўпроқ қамраб олаётганидан далолатдир.

    Давлатимиз раҳбари ўз нутқида олтита муҳим масалага тўхталиб ўтди. Айниқса, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва дунё миқёсидаги сиёсий жараёнларда тутган ўрни, геосиёсий аҳамияти янада чуқур ифода этилгани, қўшни мамлакатлар билан ўзаро тинч-тотув яшаш, азалий дўстона ҳамкорликни ривожлантириш, ёшлар, хотин-қизлар масаласи, глобал иқлим ўзгаришлари, жумладан, Оролбўйи ҳудудидаги мураккаб экологик вазиятни юмшатиш, Афғонистонда барқарор тинчлик ўрнатишга доир фикр ва ташаббуслар беқиёс аҳамиятга эгадир.

    Президентимиз ҳозирги вақтда коронавирус пандемиясини бартараф этишнинг энг асосий шарти барча мамлакатларнинг жипслашуви, ўзаро ишонч ва келишув негизида ҳаракат қилиш ва самарали ҳамкорлик эканини алоҳида таъкидлади. Нутқда мамлакатимизда сўнгги тўрт йил мобайнида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтилди. Хусусан, жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида янги Ўзбекистон шаклланаётгани, мамлакатимизда демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олганига эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистонда гендер тенглик сиёсати устувор масалага айлангани, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазият бутунлай ўзгариб, мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилгани, мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия қабул қилингани айтилиб, уларнинг моҳияти ва аҳамияти очиб берилди.

    БМТ фуқаролиги бўлмаган инсонлар сонини камайтиришга қаратилган чақириғига жавобан, Президентимиз ташаббуси билан шу йилнинг ўзида фуқаролиги йўқ 50 минг юртдошимизга Ўзбекистон фуқаролиги берилгани, 50 минг инсоннинг ҳаёти, тақдири, ҳуқуқ ва манфаатлари мамлакатимизда шу тариқа давлат ҳимоясига олингани қанча-қанча ватандошларимиз, уларнинг оиласи, фарзандлари қалбига сўз билан ифода этиб бўлмайдиган хурсандчилик олиб келди.

    Юртимизда яна бир муҳим соҳа — диний эркинлик борасидаги вазият ҳам кескин яхшиланиб, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

    Президентимиз жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратган яна бир масала — жамиятимизда судларнинг чинакам мустақиллиги ва қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар, коррупцияга қарши муросасиз курашнинг янги босқичга кўтарилганидир.

    Мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотлар жадал давом эттирилиб, биринчи марта қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни камайтириш ҳақидаги қатъий қароримиз бутун дун­ёга очиқ эълон қилинди.

    Давлатимиз раҳбари юртимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этиши, шу боис, ҳар бир йигит-қизнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши ва ўз салоҳиятини намоён этиши учун улкан ишлар амалга оширилаётганини таъкидлаб, дунё ҳамжамиятини яна бир бор БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш бўйича Ўзбекистон ташаббусини қўллаб-қувватлашга чақирди. Бу юксак даъват сайёрамиздаги нуфузли сиёсатчилар томонидан олқишланмоқда. Чунки ёшларнинг тақдири дунёнинг келажаги ва тақдири демакдир.

    Мени бениҳоя тўлқинлантирган яна бир таклиф, Президентимизнинг ЮНЕСКО билан ҳамкорликда 2021 йилда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро форум ўтказиш тўғрисидаги ташаббуси бўлди.

    Барчамизга яхши аёнки, халқимиз азалдан меҳмондўстлиги, юксак инсонпарварлик фазилатлари билан ҳурмат-эътибор қозониб келади. Эл-юртимизнинг ана шундай олижаноб қадрият ва анъаналари, бизнинг қандай буюк тарихимиз ва маданиятимиз борлиги, эл-юртимизнинг миллий қиёфасини дунёга танитиш, шу асосда маданий дипломатияни, туризм соҳасини ривожлантиришдек эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришда зикр этилган анжуман, ҳеч сўзсиз, муҳим аҳамиятга эга бўлади. Бундай форумларга, биринчи навбатда, илм-маърифат ва маданият намояндалари, олиму фузалолар, санъат аҳли, ижодкорлар келади. Табиийки, улар ўз юртларига бориб, анжуман давомида кўрганларини ўз юртдошлари ўртасида тарғиб қилади. Хивадек асрлар синовидан ўтиб келаётган мўъжиза шаҳарни кўриш, очиқ осмон остидаги инсон ақлу заковатининг ёрқин тимсоли бўлган, кўҳна тарихдан ҳикоя қилаётган турфа мажмуаларни, осори атиқаларни томоша қилиш, бу ерда қадимий Шарқ нафаси, тарихи ва фалсафасини ҳис этиш дунёдаги қанча-қанча одамлар учун ширин орзудир. Бундай халқаро форумларнинг юксак савияда ўтказилиши эса ана шундай орзумандлар сонининг янада ортишига сабаб бўлади.

    Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган яна бир муҳим таклиф — БМТ Бош Ассамблеясининг барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги ташаббус ҳам бугунги замон ва тараққиёт талаблари руҳига мослиги билан алоҳида ажралиб туради.

    Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон Президентининг БМТдаги бу галги нутқи ва унда кўтарилган масалалар ҳам ўта долзарблиги, халқимиз, Ватанимиз, ҳар биримизнинг ҳаётимиз ва келажагимизга дахлдорлиги билан бениҳоя улкан қимматга эгадир.

    Албатта, қисқа вақт — йигирма дақиқага яқин вақт ичида минтақамиз ва дунё тақдирига дахлдор бундай улуғвор ғоя ва ташаббуслар, амалий фикр ва таклифларни илгари суриш учун юксак донишмандлик, узоқни кўзлаб фикр юритиш, интеллектуал тафаккур салоҳияти, жасорат, кенг ва саховатли қалб керак, энг муҳими, ўз халқи ва мамлакатининг равнақи, соғлиғи-омонлиги ва саодатини ҳар қандай нарсадан устун қўйиб, шу йўлда бутун борлиғини бериб, ҳаракат қилаётган том маънодаги миллий етакчи бўлиш лозим.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев сиймосида бутун дунё аҳли яна бир бор ана шундай жонкуяр ва донишманд раҳбарни кўрди ва Ўзбекистон ўз етакчиси билан бирга улуғ мақсадларига, албатта, етишига ишонч ҳосил қилди.

    Маҳмуд ТОИР,

    Ўзбекистон халқ шоири, сенатор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates