Универсал билим — юксалиш пойдевори

    Минтақамиз мутафаккирлари юксак академик мобилликни намойиш этиб, Шарқ ва Европа халқларининг моддий-маънавий маданияти ютуқлари ўзаро алмашинувида муҳим роль ўйнаган.

    Марказий Осиё юз йиллар давомида Осиё ва Европа ўртасидаги савдо-сотиқ, иқтисодий ва маданий алоқаларни ўзаро боғловчи марказ ҳамда Буюк ипак йўлидаги асосий чорраҳа бўлиб келган. АҚШлик олим Фредерик Старрнинг таъкидлашича, юз йиллар давомида “Марказий Осиё дунёнинг интеллектуал маркази ҳисобланар эди”. Муҳаммад Хоразмий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби дунёга маълум ва машҳур алломаларимиз инсонпарварлик ва маърифат тамойилларига асосланган ҳолда умумбашарий жамият ва давлат тараққиёти ғояларини илгари сурган. Немис олими Адам Мецнинг фикрича, Марказий Осиёда фалсафий Ренессанс даври бўлмаганда эди, Европада классик инсонпарварлик Ренессанс даври юзага келмас эди. Мазкур экспертлар қарашлари тараққиёт бир томонлама шакллангани ҳақидаги тамойилларга, ҳеч шубҳасиз, мос келмайди ҳамда дунёнинг турли минтақаларидаги тарихий жараёнлар бирлиги ва ўзаро боғлиқлиги ҳақидаги асосий фикрни мустаҳкамлайди.

    Минтақамиз мутафаккирлари юксак академик мобилликни намойиш этиб, Шарқ ва Европа халқларининг моддий-маънавий маданияти ютуқлари ўзаро алмашинувида муҳим роль ўйнаган. Масалан, Абу Райҳон Беруний деярли барча фан мутахассислари билан математика ва астрономиядан тортиб шеърият ва тарихгача чуқур илмий баҳс юритар эди. У Америка қитъасининг мавжудлиги ҳақида ҳудуд кашф қилинишидан 500 йил олдин башорат этган. Беруний араб, форс, лотин, сўғд, санскрит, қадимги яҳудий, грек ва бошқа тилларни мукаммал билар эди ҳамда бу кенг билим асосида биринчилардан бўлиб жаҳон тарихи концепциясини яратди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик”, дея таъкидлади. Антик даврда Юнонистонда ёнган илм машъаласи IX–XII асрларда Марказий Осиё ҳудудида биринчи Ренессанс даври сифатида қайта порлаган пайтда умумбашарий тараққиёт ривожига катта ҳисса қўшган бир гуруҳ фан даҳолари пайдо бўлди.

    Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий-гуманитар фанлар ривожи олға силжиди, бироқ чет тилларни яхши биладиган мутахассислар етишмовчилиги, хорижий нашрлар ҳажмининг чегаралангани кабилар ривожланиш жараёнига тўсқинлик қилди. Ҳозир ҳам шу каби камчиликлар илм-фанимизнинг жаҳонга интеграциялашувига халал бермоқда. Шу маънода, Ўзбекистон раҳбари улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Биз учун икки эмас, тўрт тилни билиш зарур”, деган сўзларини бежиз келтирмади. Бу чақириқ ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.

    Марказий Осиё мамлакатларидаги замонавий илм-фан ва таълим олдида XXI асрда миллий ривожланиш учун жамиятнинг саводхонлик даражасини оширишда керак бўладиган шарт-шароитларни яратиш вазифаси турибди. Бу ўринда тарихий меросимиз билан бирга жаҳон тажрибасини ҳам инобатга олиш лозим. Буюк Британиянинг Кембриж ва Лондон университетлари, АҚШнинг Вашингтон, Жоржия ва Жон Ҳопкинс университетлари, Нидерландиянинг Лейден университети, Германиянинг Гиссин, Белифилд ва Пассау университетлари, Япониянинг Хоккайдо университети, Ҳиндистоннинг Ж.Неру номидаги университети, Россиянинг М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Франциянинг CERCEC CNRS-EHESS, Хитойнинг Шанхай ва Ланьчжоу университетлари каби хорижий олий таълим муассасалари бой анъана ва дунё тан олган нуфузга эга. Мамлакатимиз таълим тизимида уларнинг бой ва илғор тажрибасидан фойдаланиш, илмий изланишлар олиб бориш ҳамда бошқарувда замонавий усулни қўллаш фойдадан холи бўлмайди. Зеро, мамлакатимиз олий таълим муассасалари олдида жаҳон университетлари рейтингидан жой олиш, илмий муассасаларга эса фанлараро тўсиқларни енгиш вазифаси турибди.

    Асрлар давомида заминимизда турли маданият ва цивилизацияларнинг бирлашиб кетиши ҳамда тараққиёти жаҳонга бебаҳо маданий тарихий мерос қолдирди. Шак-шубҳасиз, юксак даражадаги илм-фан ва таълим мамлакатимиз келажагининг муҳим асоси ҳисобланади. Фанларни тизимли ўрганишни ташкил этиш, ёш авлодга ўтмиш ва ҳозирги замондаги соҳаларнинг энг яхши анъаналарини етказиш ҳамда ижобий дунёқарашни шакллантириш — бугунги куннинг муҳим талаби. Буларнинг барчаси Ўзбекистон тараққиёти учун ресурсларнинг кенг кўламли ҳаракати, хорижий ҳамкасбларнинг тажриба ва билими, янги инновацион ёндашув ҳамда замонавий универсал ва жозибадор академик муҳитни яратишни талаб қилади.

    Мирзоҳид РАҲИМОВ,

    Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича

    мувофиқлаштирувчи методик марказ бўлим бошлиғи,

    тарих фанлари доктори, профессор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates