Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан 16 сентябрь куни Урганч туманида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир жараёнида, 1974 йилда туғилган, М.С. ўз уйида 4 туп каннабис ўсимлигини етиштираётгани аниқланди.
М.С. жиноий жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида, қилмишларини фош этган ички ишлар ходимига 1000 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган. Тезкор ходим “пора бериш ҳам, уни олиш ҳам жиноят” эканлигини бир неча бор таъкидлаган бўлсада, М.С. ўз ниятидан қайтмади.
Ички ишлар органи ходимининг раҳбариятга берган хабари асосида прокуратура ходимлари иштирокида ўтказилган тезкор тадбир натижасида, таклиф этилган сумманинг бир қисмини, яъни 500 АҚШ долларини пора тариқасида бераётган М.С. жиноят устида қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан М.С. га нисбатан прокуратура томонидан Жиноят Кодексининг 270-моддаси 1-қисми (Тақиқланган экинларни етиштириш) ва 211-моддаси 1-қисми (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати